2017-07-25 11:00:00

СОЛИҚҚА ОИД ЎЗГАРИШЛАР ТАДБИРКОРЛАР МАНФААТЛАРИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Замонавий талабларга жавоб берадиган солиқ тизими деганда нима тушунилади? Соҳани ислоҳ қилишда қандай механизмлардан фойдаланиш зарур? Умуман, аҳоли, айниқса, тадбиркорлар учун солиққа оид ўзгаришлар қай даражада муҳим?

Президентимизнинг куни кеча матбуотда эълон қилинган “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ушбу саволлар ечимига, чунончи, солиқ маъмуриятчилигини амалга оширишда ҳозирги пайтда мавжуд бўлган бир қатор муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эгадир.  

Бинобарин, Фармонда давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи замонавий тизим — солиқ мониторингини жорий этиш назарда тутилди. Илғор хорижий тажриба ҳисобга олиниб, солиқ маъмуриятчилиги функциялари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларига юклатилмоқда. Айтиш мумкинки, бу йирик хўжалик юритувчи субъектларга ўз вақтида ва самарали хизмат кўрсатилишини таъминлайди. Вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган ҳалол солиқ тўловчилар — хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътиллари бериш кўзда тутилди. Бу нимани англатади? Давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг мазкур янги шакли тадбиркорларнинг бизнес оламида мустаҳкам ўрин эгаллашига кўмаклашади. Айни пайтда солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш муддати икки баравар қисқартирилаётгани эътиборга молик жиҳатлардан биридир.

Қайд этиш жоизки, депутат сифатида жойларга чиққанимизда аҳолидан, хўжалик юритувчи субъектлардан солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ҳамда тадбиркорларга эркинликлар бериш юзасидан кўплаб таклифлар ўртага ташланар эди. Мазкур Фармон ушбу масалаларни ижобий ва аниқ мақсадли ҳал этишда катта туртки бўлди, десак, асло янглишмаймиз. Масалан, солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий қилинмоқда. Бу фаолият самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишида ўз ифодасини топади. 

Бугун замонавий ахборот технологиялари ҳар бир соҳага жадаллик билан кириб бораяпти. Шу маънода, Фармон билан солиқ органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини мувофиқлаштириш ва солиқ тўловчиларга интерактив давлат хизматлари тақдим қилиш амалиётини кенгайтириш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари лавозими жорий этилаётир. Бундан ташқари, 37 та банддан иборат Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Ўз навбатида, солиқ қонунчилиги ҳамда солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари олдида катта масъулият турибди. Айрим якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини оптималлаштириш, ҳалол, шу жумладан, иш ўринлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини легаллаштирадиган солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чораларини жорий этишни назарда тутувчи қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш шулар жумласидандир. 
Яна бир эътиборли жиҳати, Фармонга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 январига қадар тадбиркорлик субъектларини электрон рақамли имзо билан, шунингдек, солиқ тўловчиларга солиқ органларининг барча давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини тўлиқ таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу эса аҳоли, айниқса, тадбиркорларнинг ўз вақтларини тежаш, ундан самарали фойдаланишларини кафолатлайди. 

Умуман айтганда, ушбу Фармоннинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бир қаторда, тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини қўллаб-қувватлашга ҳам кенг имконият яратади.

Соҳибжон ИСМОИЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.