2017-07-27 18:00:00

РОССИЯЛИК ИЖОДКОРЛАР ЎЗБЕКИСТОНДА БЎЛДИ

Бугунги кунда ҳар бир соҳада бўлгани каби туризм соҳасида ҳам ўзига хос ўзгаришлар бўлмоқда. Мазкур соҳани янада ривожлантириш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бир қатор хорижий ОАВ билан яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этмоқда.

Яқинда Россиянинг НТВ канали “Пора в отпуск” кўрсатуви ижодкорлари Бухоро вилоятида бўлишди. Кўрсатувнинг навбатдаги сонини суратга олиш жараёнида юртимиз ҳаётининг аввал намойиш этилмаган қирралари ва оилавий туризм нуқтаи назаридан яратиладиган саёҳат кўрсатуви учун суратга олиш ишлари ташкил этилди.

Меҳмонларнинг ташрифини биринчи кунида кўрсатув ижодкорлари Бухоронинг тарихий марказида бўлиб, бир вақтнинг ўзида меъморий обидаларимиз ҳамда миллий ошхонамиз сирлари уйғунликда россиялик томошабинларга намойиш этиладиган бўлди. Кўрсатувнинг илк танлови якунлангач, меҳмонлар Хоразм вилоятига, Хива шаҳрининг дурдонаси Ичан Қалъага йўл олишди. Бу ерда россиялик оилани дорбозлик ва хоразмча рақс бўйича синовлар кутиб қолади. Бундан ташқари, тасвирга олиш гуруҳини Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Мўйноқ тумани, Орол денгизи бўйида ҳамда Шаҳрисабздаги бетакрор туризм манзиллларига ҳам олиб боришни режалаштирган.

Гулшода Жуманиёзова

 “Туркистон-пресс”