2017-07-28 16:56:00

ФИДОЙИЛИК ЭЛГА ЯРАШУР!

Пойтахтимиздаги Яшнобод тумани “Янги давр” МФЙда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган  “Фидойинг бўлгаймиз, сени Ўзбекистон” бош ғояси асосида “Фидойилик элга ярашур” мавзусида маънавий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбир Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда “Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти тўғрисидаги маърузаси билан Республика Маънавият тарғибот маркази Ижтимоий сиёсий  тарғибот бўлими мудири, сиёсий фанлар номзоди Турсунмурод Маматқобилов сўзга чиқиб, мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбирда сўзга чиққанлар  юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, мустақилликни кўз қорчиғидек асраш лозимлигини таъкидладилар. Дарҳақиқат, ўзбек халқи азал-азалдан тинчликсевор ва бағрикенг халқ саналади. Бугун сайёрамизнинг айрим нуқталарида уруш ва очарчилик ҳукм сураётган бир пайтда Ўзбекистон диёрида тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ҳукм сурмоқда. Бундан 26 йил муқаддам, яъни 1991 йил 1 сентябрь куни Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритганлиги халқимиз учун тарихий сана бўлди. Шу кунлардан буён 1 сентябрь юртимизда озодлик ва эркинлик куни сифатида кенг нишонланиб келмоқда. Мамлакатимиз дунёда тинчликни сақлашнинг барча халқаро ҳуқуқий меъёрий ҳужжатларига амал қилади ва ўз тинчликсевар сиёсатига содиқ қолади.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова маҳалла аҳлини мустақиллигимизнинг 26 йиллиги олдидан самимий қутлади ва Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлари билан йиғилганларни хушнуд этди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири