2017-08-01 11:11:00

1 АВГУСТ КУНИ БАРЧА ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИДА ТЕСТ СИНОВЛАРИ БЎЛИБ ЎТДИ

Жорий йил 1 август куни мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида тест синовлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази маълумотларига кўра, жорий йилда олий таълим муассасаларига 730 мингга яқин абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 9,2 фоизга кўпдир.Мазкур маълумотнинг ўзиёқ юртимизда ёшларнинг билим олиш ва касб эгаллашга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, бу ёшларнинг келажагига масъул бўлган ота-оналар дунёқарашида ҳам ижобий ўзгаришлар юз бераётганининг ёрқин ифодасидир. 

Давлат тест марказидан маълум қилишларича, бу йил тест синовлари жараёнларида замонавий технологиялардан кенг фойдаланилди. Мисол учун, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида абитуриентларни биометрик маълумотлар асосида назорат қилиш ва бошқариш тизими жорий этилди, Тошкент давлат юридик университетида тест синовлари узлуксиз видеокузатув остида ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорида тизимга оид бир қатор янгиликлар ва имтиёзлар назарда тутилганбўлиб, абитуриентларни олий ўқув юртига саралаш жараёнини бугунги давр талабларига мос тарзда такомиллаштириш имконини бермоқда.

Қарорга биноан ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда билим олишни таъминлаш мақсадида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи, Навоий давлат кончилик ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтларининг сиртқи бўлимларида бакалаврларни тайёрлаш назарда тутилган. 

Бундан ташқари, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан юқори малакали тиббиёт кадрларига эҳтиёж катта бўлган ҳудудлар учун мамлакатимиз тиббиёт олий таълим муассасаларига давлат грантлари асосида бакалавриат йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлашнинг мақсадли қабул квоталари тасдиқланди. 

2017/2018 ўқув йилидан эътиборан олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш жорий этилмоқда. 

Бунда тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган баллига мувофиқ (68 баллдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилиши белгилаб қўйилди. 

...Таъкидлашлозимки, яна саноқли кунлардан сўнг мамлакатимиз талабалари сафига Ватанимиз равнақи ҳамда халқимиз фаровонлиги учун астойдил меҳнат қилишга бел боғлаган минглаб ёшлар қўшилади. 

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”

Мадина Нурман («daryo.uz») олган суратлар.