2017-08-01 14:14:00

АКТ ХОДИМЛАРИ МАЛАКАСИ ОШИРИЛМОҚДА

Бугун ҳар бир соҳада инновацион ечимларни жорий қилиш, аҳолига интерактив хизмат кўрсатиш замон талабига айланди. Ўз навбатида бу вазифаларни амалга ошириш мутахассислардан тажриба ва замонавий билимни талаб қилади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиз давлат идораларида хизмат қилаётган 22 нафар мутахассис “Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш” мавзусидаги ихтисослашган ўқув-курсида таҳсил олиш учун Жанубий Кореяга жўнаб кетмоқда.

29 июлдан бошлаб сал кам бир ой давом этадиган ўқувларда ахборот технологиялари билан бирга, молия, солиқ, адлия соҳаларида, шунингдек, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси тизимида фаолият олиб бораётган мутахассислар иштирок этадилар.

Бундан ташқари, иштирокчилар Корея Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Сеул транспорт бошқаруви ва ахборот тизими муассасасига, БигДата марказларига, ахборотлашган махсус ҳудудларга ташриф буюрадилар. Айтиш ўринлики, Корея Республикаси ахборотлашган жамият қуришда жаҳоннинг етакчи мамлакатлари сафида туради. Шунингдек, Жанубий Корея ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича Ўзбекистоннинг ишончли ва стратегик ҳамкори ҳисобланади.

Гулшода Жуманиёзова,

“Туркистон-пресс”