2017-08-01 15:35:00

МУСТАҲКАМ ОИЛА — МИЛЛАТ ТАЯНЧИ

Бугунги кунда эрта никоҳ ва ажримларнинг олдини олиш ҳар доимгидан ҳам долзарб масалага айланган. Бу борада юртимизнинг ҳар бир ҳудудида мутасадди ташкилотлар томонидан тушунтириш ишлари, тарғибот тадбирлари ташкил қилинмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Жиззах вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан Жиззах шаҳар ФҲДЁ бўлимида “Оилага оид муносабатларни тартибга солиш, бу борадаги қонун ҳужжатлари ижросини сўзсиз таъминлаш” мавзусида ўтказилди.

Семинарда никоҳланувчи шахслар, уларнинг ота ва оналари, уларнинг яшаш ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фуқаролик ишлари бўйича туман(лараро) судларининг судьялари, туман (шаҳар) ИИБ, хотин-қизлар қўмитаси, соғлиқни сақлаш ҳамда ўрта-махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари масъул ходимлари, имом-хатиблар, кенг жамоатчилик, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.

Мазкур тадбирда никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтишининг муҳимлиги, эрта никоҳ қуришнинг ҳамда яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳларнинг салбий оқибатлари, қонуний никоҳнинг ҳуқуқий аҳамияти, никоҳдан ўтиш тартиби ва шартлари, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби, унинг соғлом оила қуришдаги аҳамияти таъкидланди.

Йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоблар олдилар.

Гулшода Жуманиёзова,

“Туркистон-пресс”