2017-08-01 16:26:00

ЎЗБЕК МИЛЛИЙ РАҚСЛАРИ ХОРИЖ САҲНАСИДА

Ўзбек миллий рақс санъати неча асрлардан буён ўзининг бетакрорлиги билан дунё аҳлини эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. Халқаро мусобақа ва танловларда моҳир раққос ва раққосаларимиз миллий рақсларимиз жозибасини намоён қилиб келишмоқда.

Ўзбекистон Бадиий жамоалари бирлашмасининг “Ўзбекистон” ва “Навбаҳор” ашула ва рақс ансамбларининг 39 нафар созанда ва раққосаларидан иборат гуруҳ жорий йил 20-24 июль кунлари Хитой Халқ Республикаси Шинжон провинциясининг Урумчи шаҳрида Халқ рақслари халқаро рақс фестивалида иштирок этишди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги расмий сайти хабар бермоқда.

Унда ўзбек раққосалари Хитой ва бошқа 10 дан ортиқ давлат вакилларига моҳирона тарзда  ўз чиқишларини намойиш этишди. Тўрт кун давомида Ўзбекистондан ташриф буюрган гуруҳлар Урумчи шаҳрининг энг диққатга сазовор маданият ва санъат масканларида ўзбек рақсининг гўзаллигини намойиш этишди.

Андижон полкаси, тановар миллий ва классик жанрдаги ҳамда жаҳон рақсларидан иборат концерт дастури ОАВ вакиллари ҳамда тадбир қатнашчиларида ижобий таассурот қолдирди.

Шаҳноза Алимбаева,

 “Туркистон-пресс”