2017-08-02 12:00:00

ЎЗБЕКИСТОНДА ФУҚАРО АВИАЦИЯСИ УЧУВЧИЛАРИ ТАЙЁРЛАНАДИ

Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси илк маротаба МАК ўқув-машқ маркази базасида фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлашни бошлайди.

Учувчиларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 19июлдаги “Фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлашни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ халқаро даражадаги учувчилар техник йўналишдаги олий маълумотга эга авиация ходимлари орасидан танлов асосида саралаб олинган мутахассисларни ўқитиш орқали тайёрланади.

Тайёрлаш курсларининг асосий вазифаси этиб,шунингдек,фуқаро авиацияси соҳасидаги хорижий олий ўқув юртларининг илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда тегишли йўналишлар бўйича ўқув дастурлари ва режалари, услубий адабиётларни ишлаб чиқиш, улар ва шу соҳадаги илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш каби вазифалар белгиланди.

Бугунги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг ўқув-машқ маркази ҳақиқий шароитларга максимал яқинлаштирилган шароитларда машқ қилиш имконини берадиган замонавий авиация тренажёрларига ва А320, Боинг-767 ва Ил-114-100 самолётларининг фулл-флигт симуляторларига, авариядан қутқаришга тайёргарлик кўриш мажмуаси, шунингдек,халқаро стандартларга мувофиқ назарий ва амалий тайёрлашни таъминлашга қодир йўриқчи-ўқитувчилар таркибига эга.

Ҳозирги вақтда ўқув-машқ марказида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Энг малакали мутахассислар танлаб олиниб, дарсликлар ва замонавий компьютер дастурлари харид қилинмоқда. Курсларда ўқиш тор йўналишда ўтказилиб, фақатгина авиацияга оид фанлар ўқитилади ҳамда реал парвоз шароитларида тренажёрларда амалий машғулотлар ўтказилишига эътибор қаратилади.

Умумий ўқиш муддати 2 йилга яқин вақтни ташкил қилади.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири