2017-08-02 13:53:00

IUT ТАЙЁРЛОВ КУРСЛАРИГА 1 АВГУСТДАН ТИНГЛОВЧИЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛА БОШЛАЙДИ

Жорий йилнинг 1 август кунидан бошлаб Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)нинг Узлуксиз таълим маркази бўлажак абитуриентлар ҳамда ўз билимини яхшилаб олишни хоҳловчилар учун математика, физика ва инглиз тили бўйича ўқув курсларига рўйхатга ола бошлайди.

Касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ҳамда умумтаълим мактабларининг ўқувчилари математика, физика ва инглиз тили фанлари бўйича ўз билимларини ошириш ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва бошқа олий ўқув юртларига бўладиган кириш имтиҳонларига тайёрланиш имкониятига эга бўлишади.

Ўқув курсларидан кўзланган асосий мақсад – ёшлар ўртасида математика ва физика фанларига бўлган қизиқишни ошириш, мазкур фанларга иқтидори бор бўлган ўғил-қизларни кашф этиш ҳамда бу фанларни чуқурроқ ўрганиш учун зарур шароитларни яратиб беришдир.

Тайёрлов курсларига тингловчиларни онлайн рўйхатдан ўтказиш 2017 йилнинг 1 августидан 20 августига қадар давом этади. Бунга қизиқиш билдирган барча ёшлар махсус онлайн шаклни тўлдириши лозим.  Махсус онлайн шаклга бўлган ишора Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг сайтида 2017 йилнинг 1 август куни эълон қилинади. 22-24 август кунлари қабул тестлари ўтказилади, улардан муваффақиятли ўтган ёшлар 2017 йилнинг сентябрь ойида ўқишни бошлашади.

Ёшлар ўз хоҳишларига кўра бир ёки икки академик йил давом этадиган курсларни танлашлари мумкин. Ҳар бир академик йил уч триместрга бўлинади, ҳар бир триместр уч ой давом этади. Ҳар бир семестр якунида тингловчилар мажбурий тарзда имтиҳон топширишади ва фақатгина имтиҳонларни муваффақиятли топширган тингловчилар тайёрлов курсларидаги ўқишларини давом эттиришади.

Университетнинг Тайёрлов курслари тингловчилари қатор имтиёзларга эга бўлишади. Фақатгина Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Тайёрлов курсларининг тингловчилари мазкур университетга кириш имтиҳонларини топширмасдан туриб талаба бўлишлари мумкин.

Курс якунлари бўйича тингловчилар якуний имтиҳонларни топширадилар ҳамда 60 фоиздан юқори балл тўплаган ва энг яхши тингловчиларнинг дастлабки 30 фоизи қаторидан ўрин эгаллаган тингловчилар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабасига айланадилар. Бунда қайд этиш лозимки, касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларининг биринчи ва иккинчи босқич ўқувчилари, умумтаълим мактабларнинг 10-синф ўқувчилари ҳали ўқув юртини тамомламай туриб, якуний имтиҳон натижаларига кўра университет талабалари бўлишлари мумкин. Фақатгина бу талабалар лицей, коллеж ёки мактабни битириб, диплом ва аттестат олганларидан сўнг университетга қабул қилинадилар.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 20 июнь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) Узлуксиз таълим маркази Тайёрлов курси тингловчилари ўртасида якуний имтиҳон ўтказилди. Имтиҳон натижаларига кўра 34 нафар тингловчилар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг “Компьютер ва дастурий инжиниринг” факультетига ҳамда 8 нафар тингловчилар “Логистика” факультетига ўқишга қабул қилиндилар.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”