2017-08-02 15:05:00

ТАШАББУСКОР ВА ТАДБИРКОР АЁЛЛАР БАҲСИ

Бугун мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити ва қатор шарт-шароитлар натижасида тадбиркор, ишбилармон хотин-қизлар сафи йил сайин ортиб бормоқда. Буни O‘zLiDeP томонидан ўтказиб келинаётган “Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага”, “Фермер аёл”, “Ишбилармон аёл” каби бир қатор лойиҳа ва кўрик-танловлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида фаол иштирок этаётган шижоатли, изланувчан, ташаббускор, тадбиркор ва фермер хотин-қизлар ўртасида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Самарқанд вилоят босқичи ҳам тадбиркор ва фермер аёллар учун ўзига хос синов вазифасини ўтади.

Танлов хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, рағбатлантириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ҳамда аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини янада ошириш юзасидан ишлаб чиқилган лойиҳа тақдимотлари асосида ўтказилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки вилоят миқёсида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман (шаҳар) босқичларида 180 дан ортиқ фаол, тадбиркор аёлларнинг иштироки қамраб олинган бўлса, улар орасидан сараланган  48 нафар энг фаол ишбилармон аёллар кўрик танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритишди.

Танлов шартларига кўра, иштирокчиларнинг хотин-қизлар учун қўшимча ишчи ўринлари яратилганлиги, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришга асосланганлиги, аҳолига хизмат кўрсатишнинг ихтисослашганлиги, тақдимотларида уларнинг ўз фаолиятларида учраётган муаммолар, ғов ва тўсиқларни қай тарзда бартараф этганлиги, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ўрин тутадиган тадбиркорликни ривожлантиришга ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини оширишга  қаратилган қонунлар, Президент Фармонлари, Вазирлар Маҳкамаси Қарорларидан хабардолик даражаси ҳам  баҳолаб борилди.

Шунингдек, танлов иштирокчилари“Мустақиллик туфайли мулкдор бўлдим”, “Кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик”, “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч қачон кам бўлмаймиз ҳам” шиорлари остида ўзининг шахсий фикрлари ва дунёқарашини баён этишди.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, 1-ўринга Каттақўрғон шаҳригидаги “Шамсиддин Бибихоним” МЧЖ раиси Санобар Воҳидова,  2-ўринга Пастдарғом туманиги “Туроб Усмон Нурли Воҳаси” фермер хўжалиги раиси Ойиша Туропова ҳамда 3-ўринга эса жомбойлик тадбиркор Шаҳзода Ҳамидова лойиқ топилди ва танловнинг Республика босқичига йўлланма олдилар.

Танловда иштирокчилар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларининг кўргазмасини намойиш этдилар.  Кўргазма давомида иштирокчилар ҳакамларга ишлаб чиқарган маҳсулотлари, тадбиркорлик фаолиятлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Тадбир сўнгида танлов ғолиблари партиянинг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”