2017-08-03 16:36:00

БАРХАН ҚУМДАН ҒИШТ ТАЙЁРЛАНДИ

Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими илмий ходими — химик-олим Шарибай Туремуратов бархан қумдан силикат ғишт тайёрлаш усулини ихтиро қилди.

Юртимизда маҳаллий хом ашёдан унумли фойдаланиш, бу орқали аҳоли даромадини ошириш, маҳаллий хом ашёдан тайёрланган маҳсулотлар орқали жаҳон бозорида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашига катта эьтибор қаратилмоқда.

Мазкур ихтиро бўйича силикат ғишт асосан оҳак (15%) ва Республикада жуда кўп миқдордаги бархан қуми (85%) асосида олинади. Силикат ғишт формаси, ўлчамлари ва фойдаланиш турлари бўйича керамик ғиштдан фарқ қилмайди.  Техник-иқтисодий кўрсаткичлари бўйича силикат ғишт керамик ғиштлардан юқори туради. Силикат ғиштни ишлаб чиқиш учун 2 баравар кам ёқилғи, 3 баравар кам электр энергияси, 2,5 баравар кам ишчи кучи ишлатилади ҳамда силикат ғиштнинг ўзига тушар баҳоси 25-35% фойизга камаяди.

—Биз ихтиро қилган ғишт турининг хом ашёси ўзимизда жуда кўп миқдорда топилади. Бу ғишт оддий бархан қумлардан барпо қилинади. Маҳаллий хом ашёдан тайёрланадиган ушбу силикат ғишт арзон, сифатли ва замонавий қурилиш материали ҳисобланади, – дейди Ш.Туремуратов.

 “Туркистон-пресс”