2017-08-04 15:35:00

ЁШ ДАСТУРЧИЛАР ТАНЛОВИ СТАРТ ОЛДИ

Жорий йилнинг 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан юртимиз ёшлари ўртасида “Best Soft Challenge-2017” – энг яхши дастурий таъминот воситалари танловига старт берилиши муносабати билан Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг “Медиа-ҳолл” мажмуасида матбуот анжумани ўтказилди.

Мазкур танловдан кўзланган мақсад — дастурий таъминот соҳасида ёш дастурчиларни  рағбатлантириш, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқариш ва саноатга жорий қилиш, дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантиришдир.

Ўқувчи ва талабаларнинг бўш вақтларини мақсадли сарфланишига хизмат қилувчи ушбу танлов 2013 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Шу вақтга қадар дастурчилар танловга тайёр маҳсулот билан қатнашиб, пул мукофотларини қўлга киритишган бўлишса, энди иштирокчилар танлов ҳайъатига номинациялар бўйича ўзлари илгари сураётган ишланмаларнинг лойиҳаларини тақдим қиладилар. Жорий йилда 4 та йўналишда 3 тадан энг яхши IT-таклифлар аниқланади.

Танлов ғолиблари расмий ҳомийлар — HUAWEI, “Ўзбектелеком” компаниялари, “UZINFOCOM” компютер ва ахборот технологияларини жорий қилиш марказининг мукофотлари билан тақдирланишади.

Гулшода Жуманиёзова,

 “Туркистон-пресс”