2017-08-04 15:45:00

ЭКОЛОГИЯ БЎЙИЧА КЎРИК-ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Тошкентда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистондаги Британия Кенгаши, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистондаги Буюк Британия элчихонаси ҳамда Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегацияси ҳамкорлигида мамлакатимиздаги олий ўқув юрти талабалари ўртасида ўтказилган “Барқарор ривожланиш мақсадларида энг яхши ёшлар ташаббуси” кўрик-танловининг якуний натижалари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад — университетлар маъмурияти, ўқитувчилар, талабалар ва тадқиқотчиларни кенг жалб этган ҳолда ёшларнинг ижтимоий лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Танловга Ўзбекистондаги 22 та ўқув муассасасидан қарийб 450 нафар талаба томонидан ишланган 150 та лойиҳавий ишлар тақдим этилди.

Барча лойиҳалар ҳайъат аъзолари — экология ва барқарор ривожланиш соҳасидаги етакчи мутахассислар, мустақил экспертлар ҳамда британиялик ҳамкорлар томонидан синчиклаб ўрганилди. Энг яхши лойиҳаларнинг 20 та муаллифи рағбатлантирувчи совғалар ва сертификатлар билан тақдирланди.

Шаҳноза Алимбаева,

 “Туркистон-пресс”