2017-08-04 11:36:00

ЎЗБЕКИСТОНДА 2018 ЙИЛДА ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ БЎЙИЧА 20 ТА БАДИИЙ ФИЛЬМЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни мамлакат ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда Президентнинг Facebook’даги саҳифасида  хабар берилган.

Учрашувда “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳам Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилгани таъкидланди. Унга кўра, “Ўзбекфильм”, “Қорақалпоқфильм” ва Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияларини таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини кучайтириш, энг замонавий технологиялар билан таъминлаш, янги кинотеатрлар қуриш кўзда тутилмоқда. 

Бу ҳужжатга кўра, «Ўзбеккино» миллий агентлиги учун давлат буюртмасига асосан ишлаб чиқариладиган бадиий фильмлар сонини 2018 йилда 20 та, 2020 йилда 30 тага, мультипликацион фильмлар сонини эса 2018 йилда 15 та, 2022 йилдан бошлаб 50 тага етказиш режалаштирилмоқда.

«Бундан ташқари, Агентлик ҳузурида Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси тузилади», — дейилади Президент саҳифасида эълон қилинган ахборотда.

“Туркистон-пресс”