2017-08-04 17:47:00

ЖУРНАЛИСТЛАР УЮШМАСИГА ИСЛОМ КАРИМОВ КЎЧАСИ, 16-“А” УЙДАН ЖОЙ БЕРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашув ўтказди. 

Учрашувда Президентимиз ижодий  ташкилотлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан бир қатор қарор лойиҳалари тайёрланаётганлигини маълум қилди.

“Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг тўлақонли фаолият юритишини таъминлайдиган молиявий механизм, орадан 20 йилдан ошиқ муддат ўтган бўлса-да, ҳали-ҳануз аниқ белгиланмаган. Уюшмани алоҳида бино билан таъминлаш масаласи ҳам неча йиллардан бери ечилмай келмоқда. Шунинг учун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини кучайтириш бўйича қарор лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда”, — деди Президент. 

Ушбу қарорда Уюшманинг молиявий манбаларини аниқлаш, вилоят бўлимларининг моддий-техник базасини кучайтириш, Уюшма ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш каби масалалар ҳам ўз амалий ифодасини топади.

“Ёзувчилар уюшмаси йил охирига қадар янги бинога кўчиб ўтиши муносабати билан унинг Ислом Каримов кўчаси, 16-“А” уйда жойлашган идораси Журналистлар ижодий уюшмасига берилишини сизларга маълум қилмоқчиман”, —дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда давлатимиз раҳбари юртимиздаги етакчи ижодий ташкилотларнинг “дўстлари клублари”ни ташкил этиш, уларга йирик корхона, банк ва компанияларни ҳомий сифатида бириктириб, шартнома асосида уларнинг доимий ҳамкорлигини йўлга қўйиш таклифини билдирди. Тадбирда маълум қилинишича, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига – Республика товар-хомашё биржаси ҳомий бўлиш ташаббуси билан чиққан.

“Туркистон-пресс”