2017-08-04 18:18:00

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТ МИЛЛИЙ БАНКИ — 26 ЁШДА

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг ташкил этилганлигининг 26 йиллиги: тарихий вазифалар, ютуқлар ва устувор вазифалар”га бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

          Унда Миллий банк Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Фаррух Яҳёев ва бошқа банк мутасаддилари сўзга чиқиб, ўтган йиллар давомида банк томонидан эришилган ютуқлар, бугунги кунда қилинаётган ишлар юзасидан маълумотлар беришди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки халқаро иқтисодий муносабатлар соҳасида мустақил сиёсатни юритиш, ташқи иқтисодий фаолият бўйича хизмат кўрсатишни таъминлаш ҳамда ундан мақсадли ва самарали фойдаланиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар мамлакатимизнинг халқаро молия ҳамжамиятига қўшилиб боришида фаол кўмаклашиб келмоқда.

Хусусан, 1992 йилда банк жаҳондаги 83 та энг йирик молия муассасаси билан вакиллик муносабатларини ўрнатган бўлса,  бугунга келиб ушбу кўрсаткич, яъни вакиллик тармоғи 80дан ортиқ давлатларга мансуб қарийб 699 та халқаро молия муассасасини қамраб олгани эътирофга лойиқдир.

Ўтган давр мобайнида “Ўзмиллийбанк”нинг ҳамкорлари географияси ҳам кенгайиб, Ғарбий ва Шарқий Европа, Америка, Осиё, Яқин Шарқ, МДҲ, Африка мамлакатлари ҳамда Австралияни ўз ичига олмоқда. Ушбу ҳамкорликлар кўламининг кенгайиши банкнинг молиявий жиҳатдан барқарорлашишига хизмат қилмоқда.  

Маълумот ўрнида, 2017 йил 1 июль санасига қадар бўлган рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, бунда банк активлари 26,9 трлн. сўмни, жамланма капитал — 3,2 трлн. сўмни ташкил этди. Шунингдек, ушбу даврда кредит портфели 17,7 трлн. сўмга, депозит портфели эса 14,0 трлн. сўмга етди.

Тадбирда банк томонидан  мамлакатимизнинг турли ҳудудларида барпо этилаётган енгил саноат корхоналари, маданий объектлар ҳам молиялаштирилиб, уларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлашда амалий кўмак кўрсатилаётгани қайд этилди.

Матбуот анжумани якунида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири