2017-08-08 17:57:00

ҲОКИМИЯТДАГИ ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Сирдарё тумани ҳокимлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, экспорт билан шуғулланувчиларга қулайликлар яратиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган навбатдаги очиқ мулоқот ташкил қилинди. Унда вилоят божхона бошқармасининг соҳавий бўлим ходимлари, тумандаги прокуратура, ички ишлар бўлими, давлат солиқ инспекцияси, “Маҳалла” жамоат фонди вакиллари, касб-ҳунар коллежлари директорлари, маҳалла фаоллари, тадбиркорлар иштирок этдилар.

Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 майдаги “Экспортни янада рағбатлантириш ва ташқи бозорларда маҳаллий товарлар рақобатбардошлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди. Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчиларига одам савдосига қарши курашиш йўналишида божхона бошқармасининг масъул ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ва янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар таништириб ўтилди.

Давра суҳбатида давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати ҳамда Миллий телерадиокомпания томонидан тайёрланган “Кўнгилдаги қора доғлар” номли видеофильм намойиш этилди. Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар олишди.

Шаҳноза АЛИМБАЕВА,

“Туркистон-пресс”