2017-08-08 19:19:00

ТАЙЁРГАРЛИК АВЖИДА

Халқ таълими вазирлиги томонидан янги ўқув йили бошланиши олдидан умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечаклар ва пойабзаллар билан таъминлаш, бунда ота-оналар учун қулайлик яратиш хусусида вазирлик томонидан кўрилаётган чоралар ҳақида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиа тур ташкил этилди.

Иштирокчилар дастлаб пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 243-умумтаълим мактабига ташриф буюрдилар. Бу ерда ОАВ ходимларига таълим муассасасидаги мактаб ярмаркаси, чет тилини ўқитиш кабинетлари, бошланғич синфларнинг жиҳозланиши, дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланиши бўйича маълумотлар берилди. Сўнгра “Баркамол авлод” республика болалар бадиий ижодиёт марказида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўқув-қуроллари, мактаб формаси, кийим-кечак ва пойабзаллар кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири журналистларга янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш мақсадида амалга оширилган ишлар, янги ўқув йилига оид янгиликлар, мактаб бозорлари ва ярмаркалари фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар хусусида батафсил маълумот берди.

Тадбир сўнггида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

Гулшода Жуманиёзова

 “Туркистон-пресс”