2017-08-09 20:30:00

ҲАЛОЛ ХИЗМАТ ҚАДР ТОПАДИ

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан “Босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг бугунги фаолияти ва истиқболдаги вазифалари” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг самарали амалга оширилиши кўп жиҳатдан жамият ва давлат ўртасидаги кўприк вазифасини бажарувчи оммавий ахборот воситаларининг янада ривожлантириш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилган. Қолаверса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 августдаги мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида ҳам адабиёт ва санъат, маданият билан бир қаторда оммавий ахборот воситаларини янги босқичга олиб чиқиш масаласига алоҳида урғу берилди.

—Қайд этиш жоизки, бугунги кунда республикамизда газета, журнал, ахборотнома-бюллетень, радио, телевидение, ахборот агентликлари, веб-сайтлар каби жами етти турдаги оммавий ахборот воситалари рўйхатга олинаяпти, — деди анжуманда мазкур агентликнинг яқинда тайинланган раҳбари Лазиз Тангриев. — Оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда яшаётган миллатларнинг 7 та тилида ва сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий, спорт каби 20 дан ортиқ ихтисосликлар бўйича фаолият олиб боради. Айни пайтда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан рўйхатга олиниб, давлат реестрига киритилган оммавий ахборот воситаларининг умумий сони 1564 тани ташкил этади. Улардан 694 таси газета, 330 таси журнал, 14 таси ахборотнома-бюллетень, 4 таси ахборот агентлиги, 68 таси телевидение, 37 таси радио, 418 таси веб-сайтлардир. Ўтган даврда 10 та (шундан 6 та газета, 3 та журнал, 1 ахборотнома-бюллетень) босма ОАВлари муассисларининг қарорларига кўра тугатилиб, давлат реестридан чиқарилди. Бугун соҳамизнинг ҳозирги даврдаги аҳволи, унинг янада тараққий топиши билан боғлиқ масалалар, туғилган муаммоларнинг ечимини топиш лозим бўлмоқда.

Сўнгги вақтларда турли нуфузли давраларда журналистикамизнинг ҳозирги кундаги аҳволи, оммавий ахборот воситаларининг мустақилликни мустаҳкамлаш, мамлакат тараққиётининг ҳозирги ислоҳотлар давридаги, халқимизнинг муносиб турмуш тарзини ҳосил қилиш, маънавий ҳаётни янада ривожлантириш сингари долзарб масалаларни амалга оширишдаги иштирокига урғу бериш мақсадида турли анжуманлар ўтказилди. Муҳим ва ақлли фикр-мулоҳазалар билдирилди, тавсиялар ишлаб чиқилди.

Оммавий ахборот воситаларининг аксарият вакиллари ўз ижодий меҳнати билан давримизнинг солномасини яратаяптилар. Шу муносабат билан кўпчилик эътироф қилаётган яқинда ташкил этилган “Ўзбекистон 24” телерадиоканали, “Узбекистан тудей”, “Ўзбекистон овози”, “Жамият”, “Оила даврасида”, “Ҳуррият” сингари газеталарни, kun.uz, gazeta.uz, daryo.uz каби интернет нашрларни алоҳида таъкидлаш мумкин. Лекин жадал суръатлар билан авж олаётган серқирра ҳаёт, мамлакатнинг, умуман жаҳоннинг ривожланиш жараёни, гоҳида биз истамаган ўзгаришлар оммавий ахборот воситаларидан замонга қараб такомиллашиш, янгиланишни, журналистлардан эса муҳтарам Президентимиз айтганидек, “фидойилик кўрсатишни” талаб қилади.

Даврий нашрларимизнинг сони, сифати, берилаётган аксарият материалларнинг савияси, мазмун-моҳиятида содир бўлган ўзгаришларни инкор этмаган ҳолда уларни ҳозирги кун талабига тўла жавоб беради, аҳолининг давр билан бирга ўсиб бораётган талаби, диди, маънавий эҳтиёжини тўла қондиради, деб бўлмайди. Ҳаётий ҳақиқатни ёритиш, тараққиётимиз, ислоҳотларни амалга оширишга тўсиқ бўлаётган иллатларни ошкор этиш, турмушдаги, ёшлар тарбиясидаги нуқсонларга эътибор қаратиш, танқидий-таҳлилий материалларни чоп этиш, соҳамизни такомиллаштириш, журналистларимизнинг қаламини чархлаш билан боғлиқ бир қатор муаммолар эътиборга олиниши лозим.

Турли хусусий газета-журналлар ижод маҳсулларининг савияси пастлиги, бадиий саёзлиги одамни хавотирга солади. Бунга сабаб соғлом, холисона танқиднинг, дўстона аччиқ гапнинг, устозлар насиҳатининг етишмаётгани, десам фикримга қўшиларсиз. Бу ҳақда Президентимиз 3 август куни зиёлилар билан бўлган учрашувда ҳам куюниб гапирди. Бу соҳанинг тижоратлашувига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, деди. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бундай “ишбилармонлар”га қарши аёвсиз кураш олиб боради. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, жамоатчиликни бу балога қарши қўймасак, бир жаҳолатга ўн маърифат билан жавоб бермасак, у кун сайин мадда бойлаб бораверади.

Юқорида қайд этилган нохуш ҳолатларни юзага келтирувчи қонунбузилишларга чек қўйиш мақсадида биргина 2017 йилнинг ўтган 7 ойи давомида агентлик томонидан оммавий ахборот воситаларига 100дан ортиқ таъсир чоралари қўлланди. Бироқ айрим турдаги қонунбузилиш ҳолатлари ҳам борки, уларга ўз вақтида жамоатчилик эътибори қаратилмаса, “касаллик” бошқа нашрларга ҳам “юқиши”, жамиятнинг оғриғига айланиши мумкин. Телерадио дастурлари, матбуот саҳифаларида мунтазам асосан Ғарб санъаткорларининг “ишқий ҳаёти”ни ёритаётган, уларда оилавий қўнимсизлик, жуфтларнинг бир-бирига хиёнати, никоҳсиз турмуш сингари иллатларни оддий ҳол сифатида тасвирлаётган ахборот воситалари, афсуски, йўқ эмас. Одамларни шу каби “саҳналар” билан ўзига жалб қилишга ўрганиб қолган тадбиркорларга Агентлик томонидан бир неча марта огоҳлантириш киритилса-да, улар ўз фаолиятига танқидий ёндашиб, хулоса чиқариш, таҳририятлар ишига маънавий етук, зиёли, ҳар жиҳатдан ибратли, ҳаётий ва касбий тажрибага эга ижодкорлардан иборат мутахассисларни жалб қилиш, шу орқали маънавиятни тарғиб қилишни йўлга қўйиш ўрнига салбий ҳолатларни тарғиб этишда давом этишмоқда. Бу каби материаллар жамиятимиз анъаналарини емириши, оила аталмиш муқаддас қўрғонга путур етказиши, барқарор маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Бундай ҳолатларни республика телерадиоканаллари фаолиятида ҳам кузатиш мумкин. Хусусан, Сурхондарё вилоятидаги “Денов-АТР”, Бухоро вилоятидаги “Ғиждувон-ТВ”, Жиззах вилоятидаги “Жиззах ТВ2” телеканаллари, Андижон вилоятидаги “Дийдор ФМ” радиоканали, “Тараққиёт” телеканали фаолиятида Ўзбекистон Республикаси “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни, “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддаси доимий равишда бузиб келмоқдалар.

Сўнгги йилларда номлари келтирилган теле ва радиоканаллар фаолиятида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонуннинг қайта-қайта қўпол бузилиши, Агентлик томонидан юборилаётган огоҳлантиришлар, тақдимномалар кор қилмаслиги, ёшларга менталитетимизга зид рақсбоп тарона-ю, кўнгилочар фильмларни қўйиб эшиттириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ниқоби остида маданиятсизликни тарғиб қилиш, шаҳвоний туйғуларга эрк бериш каби ҳолатларга томошабин сифатида қараб туриб бўлмайди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Агентлик томонидан оммавий ахборот воситалари муассисларига белгиланган тартибда чоралар қўлланилди. Бироқ бирини эпласанг, бошқаси “бирор иш кўрсатиб туради”.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан учрашувидаги маърузасида ҳам бугунги кунда енгил-елпи китоблар, саёз, олди-қочди газета-журналлар, теле-радиостанциялар кўпайиб бораётгани кескин танқид қилинди. Бундан ҳар биримиз тегишли хулосаларни чиқариб олишимиз шарт. Бугунги кунда халқимиз олдида оммавий ахборот воситаларининг шаъни ва қадрини, журналист, зиёли деган шарафли номни оқлаш, унга муносиб бўлиш юксак масъулият ва виждон иши бўлмоғи лозим.

Матбуот анжуманида айтилган бу сўзлар журналистлар томонидан илиқ қарши олинди ва бир қатор ижодкорлар мавзуга оид ўз фикрларини билдиришди.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон-пресс”