2017-08-10 13:23:00

ТАЛАБАЛАР УЧУН ЁЗГИ МАКТАБ СЕМИНАРИ ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ

Жорий йилнинг 7 август куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети(IUT) да SAP ечимлари бўйича Ёзги мактаб семинари ўз ишини бошлади.

5 кунлик тадбирда Ўзбекистондаги Олий ўқув юртлари ҳамда компаниялари вакиллари, шунингдек, SAP ҳамкорлари иштирок этишади.

Мазкур семинарни Ўзбекистондаги академик ва бизнес ҳамжамият вакиллари иштирокидаги давра суҳбати очиб берди. Қатнашчилар давра суҳбати давомида Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари қошида мутахассисларни тайёрлаш ҳамда кейинги ривожланиш режаларини муҳокама қилишди.

8 августдан бошлаб Ёзги мактаб семинари иштирокчилари “SAP ERP” ечимлари бўйича тренингларда қатнашадилар.

Таълим “SAP ERP” тизимининг “6.07” талқини бўйича “GBI” маълумотлари асосида олиб борилади. GBI – “Global Bike Inc.” модел компаниясининг маълумотлари йиғимидир. У “SAP” университет альянсининг ОТМ-қатнашчилари учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, маълумотлар шаффофлиги ҳамда жараёнларни босқичма-босқич яхши даражада шарҳланиши билан ажралиб туради. Тизимга FI, CO, MM, SD, PP, PM, PS, HR, CS модулларига мос келадиган жараёнлар татбиқ этилган.

Ёзги мактаб семинарда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг профессорлари ҳам иштирок этишмоқда.

Қайд этамиз, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда SAP университет ҳудудида “SAP Академияси”ни ташкил этишга келишиб олишди. “SAP Академияси” SAP компаниясининг ечимлари бўйича турли курсларни ўтказади.

SAP — дунёдаги корпоратив иловалар бозоридаги етакчилардан биридир. Компания ташкилот ва корхоналарга, уларнинг мулкчилик шаклидан ва катта-кичиклигидан қатъий назар, яъни у қўшимча хизмат ёки директорлар кенгашими, омборхона ёки дўконми, ҳар қандай турдаги мобил иловаларми, уларнинг бизнесларини самарали бошқаришларига ёрдам беради.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”