2017-08-11 13:53:00

"ЁШ ОИЛАЛАР ВА ҚИЗЛАР" РЕСПУБЛИКА ФОРУМИ ФАРҒОНАДА

Фарғона вилоятида "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида 7-11 август кунлари ўтказилиши режалаштирилган ёш оилалар ва қизлар республика форумининг дастлабкиси кўтаринки руҳда давом этмоқда.

Унда ёш оилалар вакилалари, 16 дан 30 ёшгача бўлган ижтимоий ташаббускор ҳамда уюшмаган қизлар вилоят хотин-қизлар қўмитаси, сиёсий партиялар ташкилотчилигида фаол аёллар билан очиқ мулоқотда бўлишлари режалаштирилган.

Ҳафталик давомида "Мен ҳам етакчи бўламан", "Таълим ва фан", "Ким нимага қодир?", "Соғлом турмуш тарзи" каби матбуот анжумани, бир қатор учрашувлар, илмий-амалий конференция, маҳорат дарслари ҳамда акциялар ўтказилади.

– Жамиятимизнинг сиёсий жараёнларида фаол бўлган аёлларга жуда ҳавас қиламан, – дейди "Мен ҳам етакчи бўламан" мулоқоти иштирокчиси, Андижон политехника коллежи талабаси Муқаддам Қодирова. – Учрашув давомида ўзимни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоблар олдим. Ҳуқуқий маданиятнинг юқорилиги бу борада дастлабки одим эканини англаб етдим. Албатта, олган кўникмаларимни менинг қишлоғим — Бўстонга бориб, тенгдошларимга тушунтириб бераман.

Таъкидлаш лозимки, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, кенг дунёқарашга эга қизларни қўллаб-қувватлашда мазкур форумнинг ўрни катта. Айниқса, уюшмаган ёшларни ижтимоий ҳаётга жалб этиш, бандлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”