2017-08-14 13:04:00

БУХОРОДА “АДОЛАТЛИ ҚАЙНОНА” КЎРИК-ТАНЛОВИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши томонидан партиянинг “Адолатли қайнона” кўрик-танлови вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда партия ходимлари билан бирга туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган иштирокчилар, жойлардаги хотин-қизлар қўмита раислари, фаол партиядошлар иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикасининг “Оила” Кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармон ва Қарорлари ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Устави, партиянинг “Аёллар қаноти” фаолиятининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури асосида ишлаб чиқилган ушбу кўрик-танловда иштирок этган партиянинг фаол ва ташаббускор қайноналари оила, маҳалла ва меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари, лидерлик ва нотиқлик қобилиятлари, оилавий қадриятлар, фарзандлар тарбиясига бўлган эътибор борасида тўхталиб ўтишди.

Ушбу кўрик-танловни ўтказишдан мақсад — ижтимоий адолат принципларига таянган ҳолда оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш, оилавий тарбияда адолат ҳамда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш экан, туман ва шаҳар кенгашида ғолибликни қўлга киритган қайноналар 3 та шарт, яъни “Ўзини ва оиласини таништириш”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Оила кодекси” дан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолиятидан хабардорлиги” бўйича ўзаро беллашишди.

—Қайнолик бахтини менга берган келиним ва куёвимдан миннатдорман. Айни дамда шу кўрик-танловда иштирок этишимда ҳам улар сабабчи, — деб партиянинг Бухоро шаҳар Кенгаши иштирокчиси Фароғат ая ўз миннатдорлик туйғуларини билдирган бўлса, Шофиркон туман кенгашидан қатнашган Гулнора Ширинова эса барча шартларни завқ билан бажаргани ва партиянинг бу кўрик-танловидан жуда катта таассуротга эга бўлганлигини билдирди. 

Ҳайъат аъзолари адолат мезонига таянган ҳолда барча иштирокчиларни баҳолашди. Ўзининг ташаббускорлиги, сиёсий саводхонлиги, зийраклилиги, ҳар бир шартни бажаришда доим илдамлилиги билан алоҳида эътиборга эга бўлган партиянинг Бухоро туман кенгашидан иштирок этган Раъно Ҳамроева биринчи ўринга лойиқ деб топилди ҳамда республика босқичига йўлланма олди.

Иккинчи даражали диплом билан Жондор тумани қатнашчиси Солиҳа Қўзиева, учинчи даражали диплом билан эса Когон шаҳар кенгаши иштирокчиси Муҳаббат Саидовалар тақдирланишди.

Барча кўрик-танлов қатнашувчиларига “Адолат” СДПнинг диплом ва ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари берилди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”