2017-08-14 12:22:00

АНДИЖОНДА ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛАЛАРГА ЯНГИ УЙЛАР ТОПШИРИЛДИ

Халқимизга хос юксак фазилатлар ҳақида гап кетганда, меҳр-оқибат, бағрикенглик, мурувват ва саховатпешалик алоҳида тилга олинади. Дарҳақиқат, буларнинг барчаси халқимизнинг кундалик ҳаёт тарзи, орзу-мақсадлари, саъй-ҳаракатлари билан ҳамоҳангдир.

Бинобарин, инсон ва унинг манфаатлари устувор саналган мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсат замирида ҳам аҳоли турмуши фаровонлигини янада юксалтириш, айниқса, кам таъминланган ва ўзгалар кўмагига муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароити яратишдек олижаноб мақсадлар мужассам. 

Андижон вилоятида эҳтиёжманд оилалар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга Президент совғаси — янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларни тантанали топшириш маросимида ҳам бундай юксак инсоний фазилатлар янада яққол намоён бўлди. 

Президентимиз раҳнамолигида одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, оғирини енгил қилиш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликлар уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

— Ўғлим Азизбек ҳам, келиним Дилдорахон ҳам II гуруҳ ногирони, —дейди Балиқчи тумани “Авесто” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қимматхон Тоштанова. — Тўрт фарзандим бор, иккови уйланган. Ҳозир 4 сотихли ҳовлида уч оила, 10 жон яшаймиз. Шу торгина ҳовлида кенжа ўғлим тадбиркорлик билан шуғулланиб, товуқ боқади. Анча қийналиб қолган эдик. Шунинг учун Президентимизнинг виртуал қабулхонасига уй-жой олиш масаласида мурожаат қилган эдик, мана бугун Арчазор маҳалласида барпо этилган янгиланган лойиҳадаги 2 сотихли уйлардан бири ўғлим Азизбекка ажратилди. Бунинг устига уйнинг бошланғич тўлови Президентимиз томонидан тўлаб берилди. Биз каби қўли калта, эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз. 

Пахтаобод тумани Сойбўйи маҳалласида яшовчи Муносибхон Холдинова кўзи ожиз, I гуруҳ ногирони. Турмуш ўртоғи Қобилжон Холдинов ҳам руҳий хаста. Бир уйда 11 жон истиқомат қилади. Бугун унга Президентимиз номидан Маърифат маҳалласида барпо этилган кўп қаватли уйлардан икки хонали квартиранинг калити топширилди. 

— Ёшим олтмишдан ошди, — дейди Муносибхон опа. — Ҳаётимда бугунгидай қувонганимни очиғи, эcлолмайман. Болаларимнинг қувончи меникидан ортиқ. Мен каби кўзи ожиз инсонга, оиламга кўрсатилган ғамхўрликдан яшашга бўлган умидим, давлатга ишончим минг чандон ортди. Дунёда яхши инсонлар кўплигига яна бир бор амин бўлдим. Агар шу эътибор бўлмаса, бизда бундай замонавий уй-жой қилишга имкон қаёқда эди, дейсиз. Юртимиз тинч, кўнглимиз хотиржам. Шунинг ўзи энг катта бахт аслида. Илоҳим, тинчлигимизга, аҳиллигимизга кўз тегмасин, юртпарвар давлатимиз раҳбари омон бўлсин! 

Энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллик байрами арафасида имконияти чекланган юртдошларимизнинг бир гуруҳига барча қулайликларга эга замонавий уйлар совға қилингани улар учун ҳақиқий туҳфа бўлди. 

— Янги уй II гуруҳ ногирони Умиджон Деҳқонов ва унинг оиласи учун муносиб байрам совғаси бўлди, — дейди Жалақудуқ туманидаги "Намуна" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Вилоятхон Ўринова. — Умиджон 3 фарзанди билан маҳалламиздаги хонадонлардан бирида ижарада яшар эди. Мана, давлатимиз ғамхўрлиги билан унинг оиласига Шарҳончеки маҳалласида барпо этилган уч хонали уйлардан бири берилди. 

– Ҳар бир инсоннинг ўз уйи бўлгани яхши, – дейди янги уй соҳиби Умиджон Деҳқонов. – Айниқса, уч фарзанди билан ижарада яшаётган инсонга уйнинг қадри нечоғли баланд эканини тақдири менга ўхшаганларгина яхши тушунади. Эҳтиёжманд оилалар, кўнгли ярим инсонларга бахтиёр яшаш қувончини бахш этаётган, инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланадиган юрт фуқароси эканимдан фахрланаман.

Шу куни Булоқбоши туманида яшовчи Иродахон Ҳамдамова, пахтаободлик Адолатхон Абдураҳмонова, марҳаматлик Шаҳноза Адҳамова, шаҳрихонлик Озодбек Худойбердиев, улуғнорлик Гулнора Ҳамдамова, қўрғонтепалик Наргиза Қурбонова, Ҳусан Содиқовларга ҳам Президентимиз совғаси – янги уйлар калити топширилди. 

Мамлакатимизда энг улуғ, энг азиз байрамимиз олдидан амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар ёшу кекса барчани юртимизда рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар, бунёдкорлик-ободонлаштириш ишларида янада фаол иштирок этишга ундамоқда, одамларда бугунидан шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамламоқда. 

Тадбирларда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди. 

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА