2017-08-14 14:44:00

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ КОМИЛЖОН ОТАНИЁЗОВНИНГ БАРҲАЁТ ҚЎШИҚЛАРИ КЎРИК-ТАНЛОВИ БЎЛИБ ЎТДИ

 

Юртимизнинг мафтункорлигини, унинг бетакрорлигини, юксак инсоний туйғуларини жўшқинлик билан куйлаган Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудига 100 йил тўлди. Шу муносабат билан мамлакатимизда устоз санъаткорнинг порлоқ хотирасига бағишлаб  турли тадбирлар, кўрик-танлов ва хотира кечалари уюштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги 20-сон баёни ва Ўзбекистон Республикаси Маданият  вазирлигининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон Вазирлар Махкамасининг баёни ижроси тўғрисида”ги 23-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йилнинг 12 август куни Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги К.Отаниёзов номидаги маданият ва истироҳат боғида Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган республика кўрик-танловининг якунийбосқичи ўтказилди.

Хоразм лазгиси, мақом ва суворалари, достон ва халқ қўшиқларининг моҳир ижрочиси, ўзбек миллий мумтоз қўшиқчилик санъатида ўзига хос ижрочилик мактабини яратган буюк санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзовнинг улкан ижодий услубини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, унинг бой маданий меросига эҳтиром кўрсатиш, баланд пардаларда куйлаган Сегоҳ, Дугоҳ, Феруз, Сувора ҳамда бошқа ашула ва қўшиқларини ижро эта оладиган ёш истеъдод соҳибларини аниқлаш мақсадида ташкил этилган мазкур танловга Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 50 нафарга яқин санъаткор ташриф буюрди.

Қатнашчиларнинг ижрочилик маҳоратини Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари ва санъат соҳасининг таниқли мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.  

— Бугун ниятларимиз ижобат бўлиб турибди, — дейди кўрик-танловнинг ҳакамлар ҳайъати раиси, Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов. —Яъни, севимли устозимиз туғилиб ўсган заминда  устозимизнинг қўшиқлари янграмоқда. Танлов иштирокчилари мусиқани ҳам, ашулани ҳам жонли ижро этишмоқда. Очиғи, бундан томошабинлар завқ олишаётир. Ваҳоланки, халқимиз  жонли ижронинг қадрига етадиган инсонлар сирасига киради. Кези келганда айтиб ўтиш жоизки, кўрик-танлов жараёнида кўплаб иқтидорли ёшлар кўзга ташланди. Келгусида улар орасида етук санъаткорлар етишиб чиқишига ишончим комил. Асосийси, бугун устозимизнинг  хотирасини эслаб, унинг руҳини шод этаётганимиздан бениҳоя мамнунмиз.

Танловда иштирок этган санъаткорлар Комилжон Отаниёзовнинг барҳаёт қўшиқлари, дилбар наволарини маромига етказиб куйлашди. Бунинг баробарида, маданият ва истироҳат боғига йиғилган юзлаб ҳамюртларимизга олам-олам севинч улашишди.

            Нуфузли ҳакамлар ҳайъатининг  қарорига кўра, биринчи ўринга хоразмлик Набижон Худойберганов  сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Тошкент шаҳридан Ўктам Аҳмедов ва хоразмлик Шароф Матчановга насиб этди. Фахрли учинчи ўринни Қашқадарё вилоятидан ака-ука — 13 ёшли Камолиддин ва 10 ёшли Жамолиддин Қуттиевлар ҳамда хоразмлик Артур Озодов ва Бектош Худойбергановлар  эгаллашди. Уларга ташкилотчиларнинг тегишли даражадаги дипломи ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

            Муболаға эмас, мазкур кўрик-танлов 2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида санъатсевар халқимизга ажойиб  туҳфа бўлди. Бинобарин, унда улуғ ҳофиз Комилжон Отаниёзов қўшиқларининг барҳаётлиги ва бардавомлиги яна бир бор ўз исботини топди.

 

                                                                                   Икром ХУДОЙБЕГАНОВ,

“Туркистон-пресс”