2017-08-14 16:37:00

ҲОКИМ КУБОГИ БАЙРАМОНА РУҲДА ЎТДИ

Жорий йил 11 авуст куни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги Бобур номли истироҳат боғида барпо этилган мўъжазгина “Олимп” номли спорт майдончаларида 200 нафарга яқин 7 ёшдан 15 ёшгача бўлан  ўғил-қизлар  мини-футбол, стол тенниси, шахмат, шашка, белбоғли кураш ҳамдадзюдо бўйича Чирчиқ шаҳар ҳокими Кубоги учун  беллашувларда иштирок этишди.

Эътиборлиси, “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида бошланган ушбу   мусобақалар авваламбор спортнинг олимпия ва ноолимпия турларини янада оммалаштириш, уюшмаган ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спорт орқали маънавий соғлом муҳитни вужудга келтириш сингари эзгу ғояларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятли бўлди.

Мусобақалар якунига кўра, дастлаб мини-футбол бўйича ғолиб жамоа номи аниқ бўлди. Финалга    Чирчиқ шаҳар Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Ёшлар иттифоқи жамоалари етиб келишди.  3:1 ҳисоби БЎСМ футбол жамоасини биринчи ўринни эгаллашига етарли бўлди.  Ўғил болалар ва қизлар ўртасидаги  шахмат мусобақасида Нурилла Ўралов ҳамда Жаннат Собировалар етакчи эканлигини исботлашди. Шашка баҳсларида эса Шаҳноза Шермуҳаммедовага тенг келадигани топилмади.  Стол теннисида Абдуқаҳҳор Ҳасанов ва Элефтерия Пишуларнинг эпчил ва чаққонлиги яққол сезилиб турди ва улар якунда барча рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмай, шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олишга муваффақ бўлишди. Белбоғли кураш ва дзюдо беллашувларида ҳам ўз вазн тоифаларида ғолиблар аниқланди.

— Аҳоли ва кенг жамоатчилик ўртасида спортни, хусусан, миллионлар ўйини саналаган футболни оммалаштириш, таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар орасидан спортда иқтидори юқори бўлган болаларни эрта аниқлаш каби мақсадларни ўз ичига олган мазкур мусобақа жорий йилдан бошлаб анъанага айланиши келишиб олинди , — дейди Чирчиқ шаҳар Жисмоний тарбия ва спорт бўлими бош мутахассиси Равшан Дастиров. — Шунингдек, шаҳримиздаги маҳаллаларда уюшмаган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш орқали уларнинг қизиқишларини ўрганишдан иборат.

Қизғин кечган мусобақалар якуний натижаларига кўра, совринли ўринларни банд этган ёш спортчи-ўқувчиларга диплом,  медаль ва эсдалик совғалари тантаналиравишда топширилди. 

Илҳом РАҲМОНОВ,
“Туркистон-пресс”