2017-08-15 14:34:00

ПОЙТАХТ МАКТАБЛАРИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ТАЙЁР

Жорий йилнинг 2 август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида таълими тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган видеоселектор йиғилишида халқ таълими ходимлари олдига бир қатор вазифалар қўйилиб, янги ўқув йилини муносиб кутиб олиш мақсадида тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилган эди.

Хусусан, жорий йилги инвестиция дастурига асосан Тошкент шаҳридаги 28 та мактаб ва 18 та мактабгача таълим муассасаларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари якунланиб, ўқувчилар ихтиёрига топширилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, ота-оналар ва ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида пойтахтимиздаги 24 та мактаблар қошида мактаб бозори фаолият кўрсатмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 9-10 август кунлари Тошкент шаҳрининг барча туманларида намунали мактаблар тақдимоти ўтказилди.

Намунали мактаб лойиҳасида таълим муассасасини ҳар томонлама янги ўқув йилига тайёрлаш: дарсликлар, малакали кадрлар, ўқув жиҳозлари таъминоти, ободонлаштириш ишларнинг бажарилганлиги, таълим сифатини таъминловчи ижодий муҳитнинг яратилганлиги ва шу каби бир қатор меъёрлар бўйича тақдимотлар ўтказилди.

Унда янги ўқув йилидан умумтаълим мактабларида мажбурий 11 йиллик таълимнинг жорий этилиши, ўқувчиларнинг ихтиёрий равишда жалб этилиши борасида қилиниши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.

Янги ўқув йилида 17374 нафар 9-синф битирувичлари пойтахт мактабларида ўқишни давом эттириш истагини билдиришган. Ҳозирда уларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бундан ташқари, барча умумтаълим мактабларида маҳалла раиси, маҳалла нозири ва ёшлар етакчиси учун алоҳида хона ажратилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”