2017-08-15 15:15:00

НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА “АДОЛАТЛИ ҚАЙНОНА” КЎРИК-ТАНЛОВИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши ташаббуси билан Навоий шаҳридаги 8-сонли Мусиқа ва санъат мактаби мажлислар залида “Адолатли қайнона” Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

 Унда барча туман ва шаҳарлар босқичларида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар қатнашди. Кўрик-танловни партиянинг вилоят кенгаши раиси Рустам Ҳайитов очиб берди ва иштирокчиларни танлов низоми ва қоидалари билан яна бир бора таништириб ўтди.

Кўрик-танловни ўтказишдан мақсад —  партияга аъзо бўлган фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсата оладиган қайноналарни аниқлаш ва уларни рағбатлантиришдан иборат. Танлов қайноналарнинг ташаббускорлиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқараши мустаҳкамлиги, сиёсий саводхонлиги, умумбашарий ва ижтимоий қадриятларни яхши ўзлаштирганлиги, амалга оширган лойиҳалари, ўрнатган ҳамкорлик ишлари, жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилишига оид маълумотларини таҳлил этиш, саралаш ва баҳолаш асосида амалга оширилди.

Муссаллам Самадова, “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг Қизилтепа тумани ғолиби:

—Ушбу кўрик-танловнинг туман босқичи ҳам ғоят қизиқарли ўтди. Мен партия аъзосиман ва бундан фахрланаман. Адолатли жамиятда яшаб, меҳнат қилаётганимиз, айниқса, биз ёшлар тақдири ва келажаги учун ишончли дастур бўлиб қолади. Бунда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳам улкан ҳиссаси борлигига ишончим комил.

Ушбу кўрик-танлов очиқлик, ошкоралик, рақобат тамойиллари асосида ўтказилди. Ҳакмалар ҳайъати қарорига асосан,нуроталик Ҳакима Избосарова биринчи, конимехлик Гулнора Абдураҳмонова иккинчи ва навоийлик Нуржон Койчева учинчи ўринни эгаллади.

Кўрик-танловда барча шартлар бўйича юқори баҳо олиб, ғолиблик шоҳсупасини эгаллаган нуроталик Ҳакима Избосарова республика босқичига йўлланма олди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”