2017-08-15 15:09:00

СИРДАРЁДА ҚУРИЛИШ СОҲАСИ ХОДИМЛАРИ КАСБ БАЙРАМИНИ НИШОНЛАДИ

Ҳозирги кунда Сирдарё вилоятида 100 дан ортиқ қурилиш-пудрат ва   20 тадан зиёд лойиҳа ташкилотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган  100 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларда турли миллатга мансуб минглаб малакали ишчилар, муҳандис-техник ходимлар, мутахассислар меҳнат қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 7 августдаги “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2017 йилдан бошлаб август ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни”  деб эълон қилинди.

Юртбошимизнинг шу йил 10 августдаги “Мамлакатимиз қурилиш соҳаси ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, бир гуруҳ қурилиш соҳаси вакиллари давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди. Мукофотланганлар орасида    Сирдарё вилоятида фаолият кўрсатаётган  “Бекзод шер қурилиш” корхонаси раҳбари Шерзод Вафоев ҳам бўлиб, у  “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. 

Шу муносабат билан вилоятнинг қурилиш соҳаси самарали фаолият кўрсатиб келаётган ходимлари ва шу соҳага алоқадор бир гуруҳ фахрийлар иштирокида қурилиш соҳаси ходимлари куни кенг нишонланди.

Жорий йилда вилоятда тасдиқланган инвестиция дастурлари асосида 140 миллиард сўмлик марказлаштирилган молиявий манбалар ҳисобидан 13 та таълим объектлари, 14 та мактабгача таълим муассасалари, 4 та соғлиқни сақлаш, 4 та болалар спортини ривожлантириш жамғармаси объекти ва 23 та ичимлик сув объектлари қурилиши, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоят аҳолисининг турмуш тарзини янада яхшилаш, айниқса, кам таъминланган қатламлар ва ёш оилалар учун қулайлик яратиш мақсадида 2017 йилда 21 та массивда барча қулайликларга эга бўлган 904 та хонадонли арзон уй-жойлар, вилоят марказида 225 та хонадонли 5 та беш қаватли уй-жойлар ва 32 хонадонли тўрт қаватли “Ёшлар” уйлари қурилиши белгиланган бўлиб, мазкур уй-жойлар барпо этилиши билан 1157 та оиланинг яшаш шароити тубдан яхшиланади.

Сирдарё вилоятида мустаҳкам пойдеворга эга бўлган ва ҳар томонлама шаклланган замонавий қурилиш корхоналарни яратиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жаҳон стандартларига жавоб берадиган рақобатбардош қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш ва бу борадаги ишларни янада ривожлантириш бугунги кунда ушбу соҳа вакилларининг ва мутасадди раҳбарларнинг устувор мақсадларидан бирига айланган.

Тадбирда бир гуруҳ соҳа пешқадамларига вилоят ҳокимининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

 “Tуркистон-пресс