2017-08-15 17:07:00

СИРДАРЁДА “ҚОВУН САЙЛИ” БЎЛИБ ЎТДИ

Гулистон шаҳрининг Алишер Навоий номли шоҳкўчасида “Қовун сайли” бўлиб ўтди.

 Ўзбекистон Рспубликаси  мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб “Фидойинг бўлгаймиз, сени Ўзбекистон!” шиори остида “Сирдарё қовунчилиги: кеча, бугун ва эртага” деб номланган “Қовун сайли”га кўплаб хорижий сайёҳлар, қўшни вилоят ва қўшни давлатларнинг вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Истиқлол пахта яккаҳокимлигига барҳам берди, ғаллачилик, сабзавотчилик ва боғдорчилик қаторида полизчиликни ҳам равнақ топишига катта имкон яратди.  Бир вақтлар Сирдарёнинг тилими тилни  ёрар  қовунларининг донғи етти иқлимга маълум ва машҳур эди. Мустақиллик йилларида  юртимиз тупроғи ва табиий иқлим шароитига хос, унут бўлиб кетган қовун навлари тикланди, соҳага янги илмий асосланган технологиялар жорий этилди, илғор деҳқонларнинг тажрибаси оммалаштирилди. Истиқлол йилларида 20 дан зиёд қовун навлари тикланди ва  кўпайтирилди.

Бу катта тадбирлардан олдин вилоят ҳокимлигида республикамизнинг кўзга кўринган олимлари, мутахассислари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, қовунчиликка ихтисослашган фермерлар, меҳат фахрийлари, қовун етиштирувчилар иштирокида илмий конференция ўтказилди.

Илмий конференцияни вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев кириш сўзи билан очди ва қимматли вақтларини аямай анжуманга келган меҳмонларга миннатдорлик билдирди.

Вилоят ҳокими ўз маърузасида қовунчилик жуда узоқ тарихга эга эканлиги, ҳатто Фиръавнлар даврига оид топилмалар ичида қовун пўчоғи ҳам борлиги унинг тарихи узоқ эканлигини исботлайди.  “Авесто”да эса мана шу ўзимиз яшаб турган заминда қовун етиштирилгани айтилади. Шундан сўнг вилоят ҳокими “Қовун сайли”  бир вақтлар Бухоро, Хива шаҳарларида ўтказилгани ва уларда Мирзачўл заминида етиштирилган қовунлар ҳам етказиб борилганини айтди.

Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлиги бош мутахассиси Комилжон Остонақулов, республика сабавот,  полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти директори Рафиқ Ҳасанов ва бошқа бир қатор олимларнинг Мирзачўл қовуни  ҳақида, унинг тарихи, бугунги шуҳрати, шунингдек, қовунчиликнинг эртаси куни ҳақидаги маърузалари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Илмий конференциядан сўнг унинг иштирокчилари А. Навоий номли шоҳкўчада ташкил қилинган “Қовун сайли”га ташриф буюрдилар.

Ҳар бир туман учун алоҳида павильонлар ажратилган. Бу ерда  қовунчилар ўзлари етиштирган қовунлар, қовундан тайёрланган турли-туман маҳсулотларнинг кўргазмаси, ўзига хос намойиш,  карнай, сурнай, ноғоралар садоси, тадбирга келин-куёвларнинг, суннат тўйи ўтказилаётган болакайларнинг  ташрифлари, турли қадрият ва удумларимизни ифода этган намойишлардан иштирокчилар завқланишди.

Гулистон маданият ва истироҳат боғининг сўлим “Рангли фонтан” ҳудудида байрам иштирокчиларига  “Қовун сайли” учун тайёрланган махсус байрам концерти  намойиш этилди.

Уни вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев очиб берди ва барча иштирокчиларни ўзига хос байрам билан қутлади. Биз энди ҳар йили “Қовун сайли”  ўтказамиз ва шундай қиламизки, бу йилгиси аввалги йилдагига ўхшамайди. Мирзачўл қовунларининг тилими тилни ёриши учун  бор имкониятларимизни ишга соламиз. Мирзачўл қовунининг довруғни янада баланд кўтарамиз, деди нотиқ.

“Энг юқори ҳосилдорликка эришгани учун” беллашувда биринчи ўринни Мирзаобод туманидаги Беруний сув истеъмолчилари уюшмасининг Раззоқберди Аллаев бош бўлган “Бойчибор тулпор парвози” фермер хўжалиги эгаллади. Иккинчи ўрин Оқолтин туманидаги Мирзо Улуғбек номли сув истеъмолчилари уюшмаси Йўлчи Жўраев етакчилик қилаётган “Илғор пахтакор қовунчи” фермер хўжалигига берилди. Учинчи ўрин Сардоба тумани  ФайзуллаХўжаев  сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидаги Мансур Сувонқулов бош бўлган “Ойқор” фермер хўжалигига насиб қилди.

“Экспортбоп қовун етиштирганлиги учун” ўтказилган беллашувда ғолиблик Ховос туманидаги Азизбек Ҳошимов бош бўлаган “Ховос Халил” фермер хўжалиги жамоасига насиб этди. Иккинчи ўринни шу тумандаги Хайрулла Норқулов сардорлик қилаётган “Шохруҳ-Ховос” фермер хўжалиги жамоаси, учинчи ўринни Мирзаобод туманидаги  Эркин Холиқов бош бўлган “Тераклисой жилғаси” фермер хўжалиги эгаллади.

“Энг ширин қовун етиштирганлиги учун” беллашувида биринчи ўринни Гулистон тумани, иккинчи ўринни Мирзаобод ва учинчи ўринни Сардоба туманлари қовунчилари эгаллашди.

“Энг яхши тақдимот” номинациясининг мутлақ ғолиби Мирзаобод тумани деб топилди. Биринчи ўрин Гулистон, иккинчи ўрин Боёвут туманларига насиб этди. Учинчи ўринга Ховос тумани лойиқ топилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”