2017-08-18 09:59:00

ЗАМОН БИЛАН ҲАМНАФАС БЎЛИШ ЗАРУРИЯТИ

Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти Президентининг шу йил 12 июлда парлемент, сиёсий партиялар ва экологик ҳаракат вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишидан сўнг айниқса сиёсий партияларга бўлган эътибор ва талаб ошганлигини кўриш мумкин.

Бинобарин, Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмоқда. Энди “мудраб ётган” сиёсий партиялар уйғониши лозим. Улар баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз, сайловчилар ишончини қозониши, уларнинг қалбидан жой олиши керак. 

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси давлатимиз раҳбарининг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ўз фаолиятини тубдан ўзгартиришга қаратилган амалий чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Яқинда айни шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Сарвар Отамуродов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида бўлган эди.

Эътироф этиш жоиз, ишчи гуруҳи аъзоларининг партия ташкилотлари, маҳаллий кенгашлар фаолиятини яқиндан ўрганиши, аҳоли хонадонларида фуқаролар, тадбиркорлар ва уюшмаган ёшлар билан ўтказган мулоқотларидан кейин вилоятимизда бир қатор ижобий натижаларга эришилди.

Жумладан, ЎзМТДП Наманган шаҳар партия ташкилоти масъул ходимлари ва фаоллари, депутатлар ҳам ўз фаолиятига танқидий-таҳлилий ёндашган ҳолда иш ташкил этмоқдалар. Биринчи навбатда уйма-уй ўтказилаётган мулоқотларда билдирилаётган мурожаатларга ечим топишга алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, “Янги ҳаёт” маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Абдулаҳад Бойхоновнинг мурожаати ижобий ҳал этилди. “11-Маданий” сайлов округидан сайланган шаҳар Кенгаши депутати Носиржон Дадамирзаевнинг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига юборган депутатлик сўровидан кейин қисқа фурсат ичида фуқарога ногиронлик аравачаси топширилди. Абдулаҳад бундай эъзоз, эътибор, эҳтиром учун Президентимизга, “Миллий тикланиш” партияси фаолларидан миннатдор бўлиб, дуога қўл очди.

Чуст туманидаги Ҳисорак маҳалласида маҳаллий ҳокимлик, ЎзМТДП туман кенгаши, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамкорлигида аҳоли хонадонларида ишсиз фуқаролар, хусусан уюшмаган ёшлар, диний оқимларга адашиб кириб қолган кишилар билан ўтказилаётган суҳбатлар бесамар кетмаяпти. Соғлом маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида ҳудудда яшовчи 17 нафар фуқаро диний экстремизм оқимига хайрихоҳлар рўйхатидан чиқарилиб, жамиятнинг фаол аъзолари сафига қўшилдилар.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса ёшларни ишга жойлаштириш масаласида партия фаоллар алоҳида жонбозлик кўрсатишаётгани эътиборга молик. Буни халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фазлиддин Муҳиддиновнинг иш фаолияти мисолида айтиб ўтиш жоиз. Яқинда депутатнинг ташаббуси билан Машад қишлоғидаги аҳоли хонадонларида уюшмаган ёшлар қатлами билан суҳбатлар ўтказилди. 26 ёшли Музаффар Отабоевнинг хонадонида бўлиб ўтган мулоқотда бандлик билан боғлиқ яна бир муаммо ечилди. Бундан олти йил илгари иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини тугатган Музаффарнинг юзига табассум югурди. Боиси, у мулоқот ўтган куннинг ўзидаёқ хусусий тикув цеҳига ишга қабул қилинди.

Косонсой туманидаги Ширинбулоқ маҳалласидаги ўнга яқин уюшмаган ёшлар билан учрашган ЎзМТДП туман ташкилоти фаоллари ва туман Кенгаши депутати Мансурхон Холдоров мулоқот жараёнида ёшларнинг бир қатор ўринли таклифларини эшитдилар. Масалан, Косонсой педагогика коллежини тугатган 21 ёшли Иброҳим Тожихўжаев ўз ҳудудида бўш турган жойда белбоғли кураш тўгарагини ташкил этмоқчи. Унга спорт секциясини очишда керак бўладиган лицензия олиш учун тўланадиган маълум миқдордаги маблағ зарур эди. Бу борада депутат томонидан ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Насиб этса, тез орада ширинбулоқлик ёшлар спорт билан шуғулланиш имкониятига эга бўлишади.Бу билан ЎзМТДП сайловолди Платформасидаги жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол янги авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш ишида ҳамкорлик қилишдек устувор вазифалар ижроси ҳам таъминланади.

Бир сўз билан айтганда, “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари ва барча даражадаги депутатлари пастга тушиб, аҳолини ўйлантириб келаётган муаммо-масалалар, истиқболли таклифларни ўрганиш, уларга ечим топиш, аҳоли билан ишлаш борасидаги партиявий фаолиятни янги босқичга олиб чиқишмоқда. Бу борада қилинган ишлар етарли эмаслигини англаган ҳолда, жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтирмоқдалар. Зеро, халқ билан мулоқот қилиш ва инсон манфаатлари ҳимоя қилиш энг муҳим, кечиктириб бўлмас вазифамиздир.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Туркистон-пресс”