2017-08-18 18:30:00

ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОРЛАР УЧУН ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократи партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан “Якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ва улар фаолиятини кафолатларини мустаҳкамлаш” мавзусида амалий мулоқот ташкил этилди.

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашдаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи вакиллари, тадбиркорлар иштирок этган мулоқотда бугун мамлакатимизда якка тартибда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ масалалар, ушбу фаолиятининг қонуний ва ташкилий асосларини янада ривожлантиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Мулоқотда қайд этилдики, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолияти билан боғлиқ муносабатлар бугунги кунда Фуқаролик кодекси, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг айрим моддалари, ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор норматив-хужжатлари билан тартибга солиниб келинмоқда.

Бугунги кунда якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларнинг рўйхатга олиниши соддалаштирилган тартибда амалга оширилаётганлиги, улар учун қатъий белгилаб қўйилган солиқлар тўлаш белгилангани ва бошқа имтиёзлар соҳа ривожига хизмат қилмоқда.

Яратилаётган имкониятлар туфайли бугун якка тартибдаги тадбиркорликка аҳоли орасида қизиқиш кучаймоқда. Айнан шу шаклдаги тадбиркорлик шаклида фаолият юритиш истагини билдирувчилар сони ортиб бормоқда.

Бу албатта ижобий ҳолат. Чунки якка тартибдаги тадбиркорлик нафақат мамлакат бюджети учун ўзига хос даромад манбаи, балки фуқароларнинг бандлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳамдир.

Шу билан бирга мулоқот иштирокчилари томонидан таъкидланганидек, тадбиркорликнинг ушбу тури имкониятларидан тўлақонли фойдаланилаётгани йўқ.

Бунинг асосий сабаби мавжуд қонунчиликда якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолияти билан боғлиқ аксарият масалалар очиқ қолиб кетганлиги, бу эса уларнинг ўз фаолиятини етарли даражада йўлга қўйишларида маълум муаммоларни келтириб чиқараётганлиги билан боғлиқлиги таъкидлаб ўтилди.

— Бугунги кунда мамлакатимизда кўплаб якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият юритмоқда. Лекин, уларнинг фаолияти мавжуд қонунчилик билан тўлиқ ҳимояланган деб айта олмаймиз, — дейди якка тартибдаги тадбиркор Анвар Усмонов. — Масалан, қонунчилигимизда якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларининг зарур хомашё билан таъминлаш, уларга ер ажратиш тартиби, ушбу турдаги тадбиркорлик субъектларига коммунал хизмат кўрсатиш, электр, газ, сув ва иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан зарур коммуникация тармоқларини улар фаолияти амалга оширилаётган жойгача етказилишини ҳамда уланишини таъминлаш билан боғлиқ масалалар очиб берилмаган.

Якка тартибдаги тадбиркорларнинг импорт-экспорт фаолиятидаги иштироки, ҳалқаро кўргазмалардаги иштироки билан боғлиқ масалалар ҳам қонунчиликда ўз ифодасини топмаган.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар мурожаатларининг ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилиши ҳам талаб даражасида эмас. Уларнинг мурожаатлари кўп ҳолларда тадбиркорлик субъекти эмас, жисмоний шахс мурожаатларини кўриб чиқиш тартибида кўриб чиқилмоқда. Бу ҳолат ҳам ушбу тадбиркорлик субъекти фаолиятининг бир меъёрда ишлашига ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Тадбир иштирокчилари томонидан мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида, тегишли қонунчиликка ўзгаришлар киритиш баробарида соҳани тартибга солувчи алоҳида қонун лойиҳасини тайёрлаш фикри ҳам илгари сурилди. 

Қонун лойиҳасида якка тадбиркорлар мақоми, унинг фаолиятини ташкил этиш асослари ва тартибини белгилаш, бу фаолиятдан манфаатдор бўлишлари учун кафолатларни кўзда тутиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби муҳим нормаларни назарда тутиш лозимлиги тўғрисида сўз борди.

Тадбир иштирокчилари аксарият ҳолларда якка тартибдаги тадбиркорлар дуч келаётган муаммолари олдида ўзлари қолиб кетаётганлиги, бундай ҳолларда уларга кўмаклашувчи бирор тузилма йўқлиги тўғрисида ҳам гапирдилар.

Якка тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, ушбу фаолият субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувини олдини олишда кўмак берувчи, уюшма ёки бошқа шаклдаги ўз ташкилий тузилмасига эга бўлиш фикри илгари сурилди.

Муҳокамаларга бой бўлган мулоқот ниҳоясида тадбир иштирокчилари томонидан якка тадбирдаги тадбиркорликка дахлдор норматив-хуқуқий ҳужжатларни чуқур таҳлил қилиш, соҳанинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш мақсадида алоҳида қонун лойиҳасини тайёрлаш заруратини ўрганиш ва унинг концепциясини тайёрлаш борасида, шунингдек, мамлакатда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг ташкилий асосларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи тузишга келишиб олинди. 

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”