2013-08-30 15:58:00

ЯНГИ ЛОГИСТИКА МАРКАЗИ ИШГА ТУШДИ

Гулистон шаҳрида “Сирдарё Дори-Дармон” фармацевтика логистика маркази фойдаланишга топширилди. Янги марказ замонавий ускуналар, барча қулайликларга эга омборхона ва дори воситаларини ташиш учун транспорт билан таъминланди.

Ўзбекистондаги йирик “Дори-Дармон” фармацевтика акционерлик компанияси сайтининг хабарига кўра,  логистика марказида дори воситаларини сифатли сақлаш ва жойларга бекаму-кўст етказиб беришни таъминлаш мақсадида оптимал иссиқлик даражаси қатъий назорат қилинади. Барча бўлинмаларга замонавий тизимли вентиляцион ва кондиционер ускуналар ўрнатилган.  Паст даражада сақланишга мўлжалланган дори-дармонлар учун совутиш камералари ишлаб турибди.

Марказда 36 та кўпярусли стеллажлар ва жовонлар ўрнатилган, иккита LEMA LM-25 русумли гидравлик аравачалар ҳамда битта юк ташиш автоулови фармацевтика воситаларини ташишга хизмат кўрсатмоқда.

Республикамиздаги “Дори-Дармон” фармацевтика акционерлик компанияси корхоналари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Мудофаа ва  Ички ишлар вазирликлари тиббиёт муассасаларига дори-дармон воситаларини етказиб беришда асосий таъминотчи сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Компания тасарруфида 17 та улгуржи савдо омборхоналари, 15 та назорат-таҳлил лабораториялари, 1200 та дорихона, шунингдек, мамлакатимизнинг барча қишлоқ врачлик пунктларида ўз филиалларига эга бўлган 8 та акциядорлик, 10 та шўъба корхоналари мавжуд.

“Туркистон-пресс”