2017-08-21 12:38:00

ПИСКЕНТДА БЕЛБОҒЛИ КУРАШ БАЙРАМИ

20 август. Эрта тонг. Ҳали кекса қуёш ўз “сандиғи”дан кўтарилиб улгурмай, офтоб заминни  қиздирмасдан бурун Тошкент вилоятининг  сўлим ҳудудларидан бўлмиш Пискент тумани марказий кўчалари бўйлаб белбоғли кураш ихлосмандларининг кураш аренаси томон  ошиқаётганига гувоҳ бўлиш мумкин эди.

Чунки бугун туман истироҳат боғи марказидаги махсус кураш аренасида юртимиз полвонлари ўртасида катта белбоғли кураш бўлади, унинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади, унинг ошнолари,  мухлислари айлана шаклидаги очиқ аренага, ҳатто, сиғмай қолади. Ҳар йили ҳам шундай бўлади. Ҳар йили ҳам мухлислар ўз полвони кураш тушиб, рақибини белидан даст  кўтарган ҳолда айлантириб йиқитса, олқишлашини кўринг. Бу йил ҳам шундай бўлди.гапнинг индаллоси, пискентликлар мезбон полвонларнинг ҳар бир чиқишини зўр иштиёқ ва қизиқиш билан кутиб олишди. Агар илк бор бу ҳолатни кўзатган киши гўёки футбол бўйича нуфузли беллашувга гувоҳ бўлгандай сезади ўзини. Худди футболдаги сингари  ҳали  кураш бошланмай туриб майдон мухлислар билан тўлиб тошади.

Мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллиги муносабати билан ўтказилган бу йилги мазкур  катталар ўртасидаги белбоғли кураш бўйича анъанавий  Республика  турнири “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида бошланди. Дастлаб турнирнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Маросимда сўз олган Пискент туман ҳокими Абдусамат Акрамов ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастировлар минг йиллардан бери миллатимизнинг шаъни, ғурури бўлиб келган миллий спорт турларимиз, хусусан,белбоғли кураш Мустақиллик йилларида янада ривож топаётганлиги анъана ва қадриятларимизнинг нақадар теран илдизларга эга эканлигидан дарак беришини таъкидаб ўтишди. Турнирда иштирок этаётган барча полвонларга омад ёр бўлишини тилашди.  Мадҳиямиз садолари янграгач, кураш бошланди.  

   Фарғона, Андижон, Наманган, Жиззах, Бухоро, Сирдарё, Тошкент вилоятлари  ва Тошкент шаҳридан   150 нафардан ортиқ полвонлар шу куни тўққиз  вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боришди.  Куннинг биринчи ярмида барча вазн тоифаларида ярим финалгача бўлган босқичлар бўлиб ўтди.  Тушлик туфайли бир соатлик танафусдан сўнг  мухлисларнинг олқишидан, қўллаб-қувватлаб туришидан руҳланган мусобақа иштирокчилари, айниқса, Пискент тумани номидан тушган полвонлар кучига куч қўшилди, десак мубалаға бўлмас. Айнан уларнинг чиройли, тезкор ҳаракатлари фақат ғалаба сари сари етаклаб борди. Деярли барча вазн тоифаларида Паркент ва Пискент туманлари  полвонларининг бир-бирига асосий рақиб бўлиши   натижасида кўпчилик  Тошкент вилояти спортчилари  ғолибликни тантана қилишди.

Бироқ Фарғона водийси вилоятларидан келган  полвонлар ҳам мезбонларга етарлича қаршилик кўрсатиб, кучли учликдан муносиб жой олишга эришди.  Байрамона тарзда ўтган  беллашувларнинг сўнггида натижалар қуйидагича кўриниш олди.

Турнирнинг ғолиб ва совриндорлари:

-55 кг.: 1. Сарвар Саъдуллаев (Пискент т.), 2. Мангуберди Имянов (Сирдарё), 3. Шаҳзод Абдураҳмонов (Паркент т.), Тўлқин Авазов (Пискент т.)

-60 кг.: 1. Мардон Кимсанбоев (Андижон), 2. Достон Суюнов (Олмалиқ ш.), 3. Жамшид Ниёзбоев (Паркент т.), Ҳамрозали Холдоров (Тошкент ш.)

-66 кг.: 1. Элбек Сотволдиев (Наманган), 2. Абдирашид Каримов (Чирчиқ ОЗК), 3. Суннат Қозоқбоев (Паркент т),  Илёсбой Солиев (Паркент т.)

 -73 кг.: 1. Илҳом Машрабов (Андижон), 2. Нодирбек Аҳатжонов (Тошкент РОЗК), 3. Ҳусниддин Рўзиев (Андижон), Иқбол Исаев (Чирчиқ ш.)

-81 кг.: 1. Элдор Неъматов (Пискент т.), 2. Пўлат Ҳакимбоев (Пискент т.), 3. Юнусали Усмонов (Паркент т.), Суннат Маҳкамов (Паркент т.)

-90 кг.: 1. Рустам Умаров (Наманган), 2. Аъзамжон Анваржонов (Андижон), 3. Бадриддин Мадалиев (Пискент т.), Шерзод Азизов (Наманган)

-100 кг.: 1. Нуриддин Маҳаматов (Паркент т.), 2. Сардор Назаров (Пискент т.), 3. Санжар Турсуналиев (Чирчиқ ш.), Сарвар Назаров (Пискент т.)

+100 кг.: 1. Ғолиб Аҳмедов (Пискент т.), 2. Бобур Тўхтасинов (Фарғона), 3. Раҳматилла Абдуллаев (Пискент т.), Парвоз Усмонов (Паркент т.)

Мутлоқ вазн: 1. Ғолиб Аҳмедов (Пискент т.), 2. Бобур Тўхтасинов (Фарғона), 3. Нуриддин Маҳаматов (Паркент т.). 

Кучли учликни эгаллаган полвонлар мусобақа ташкилотчилари томонидан медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

—Бугун мамлакатимизда барча соҳалар каби жисмоний тарбия ва спортга берилаётган юксак эътибор натижасида оммавийлик таъминланмоқда, иқтидорли спортчи-ёшлар сони кўпаймоқда, —дейди белбоғли кураш бўйича республика ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Усмон Маҳаматов. —Анъанавий тарзда ўтказилаётган бугунги турнирда ана шундай юксак эътиборнинг натижаси туфайли иқтидорли полвонлар сони кўпайганини кўриш мумкин. Албатта,  спорт байрамига айланган беллашувни ташкил этишда яқиндан кўмак берган туман ҳокимлигига, ҳомийларга, барча белбоғли курашни яхши кўрувчи пискентликларга  полвонларимиз номидан раҳмат айтмоқчиман.   Бундай турнир ва мусобақалар терма жамоамизга кучлиларни саралаб беришда хизмат қилади. Жорий йил сентябрь ойида қўшни Туркманистон Республикасида ёпиқ иншоотларда Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Ушбу Осиё ўйинлари дастуридан белбоғли кураш ҳамўрин олган ва шу боис мазкур турнир терма жамоамизга тайёргарлик вазифасини ҳам ўтаб берди,дейиш мумкин.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”

Суратларни А.МАМАДАМИНОВ олган.