2017-08-21 14:09:00

МАҲАЛЛА — ИБРАТЛИ ТЎЙ ТАШАББУСКОРИ БЎЛДИ

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Пайариқ туман кенгаши раиси Жамшид Охунов тумандаги Мирзо Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаббат Қозоқовага ёшларни жалб қилган ҳолда кенг аҳоли қатлами иштирокида тўйларни камчиқим қилиб ўтказиш, турли одатларга чек қўйишга бағишлаб ихчам тўй ўтказиш таклифини билдирди.

Муҳаббат опа бошчилигидаги маҳалла фаоллари аҳоли билан учрашиб, ташаббусдан уларни хабардор қилди. Битта никоҳ ва уч нафар боланинг хатна тўйини ўтказишга тумандаги корхона ва ташкилотлар, маҳалла тадбиркорлари ёрдам берадиган бўлди.

—Ташаббусимиз туман ҳокимлиги томонидан ҳам қўллаб-қувватланди, —дейди Мирзо Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғини раиси М.Қозоқова. —Ҳудудимиз туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи секторида бўлгани учун  у киши ҳам баҳоли қудрат ёрдам беришини билдирди. Йигирмага яқин тадбиркоримиз сарф-харажатларни ўз зиммасига олди. Тўйхона эгаси ҳеч қандай тўловсиз хизмат қилиб берадиган бўлди. Шу тариқа маҳалламизда автомобиль тузатиш устахонасида ишлайдиган Актам Қаршиевнинг никоҳ тўйи ва яна уч оила болаларининг хатна тўйини уларнинг яқин қариндошлари, маҳалла фаоллари —250 кишини таклиф этиб ўтказдик. 

Ҳозир тўйлардаги энг ёмон ҳолат – келин-куёвнинг никоҳдан ўтиш учун 10-15 та машина билан сайрга боришидир. Бу тўйда ушбу одатга чек қўйилиб, келин-куёв ва уларнинг дўстлари учта машинада бориб, никоҳдан ўтиб келди. Дастурхонга спиртли ичимлик қўйилмади.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят кенгаши вакиллари янги ёш оилага телевизор совға қилди.

—Турмуш ўртоғим билан унаштирилганимизга анча бўлди, —дейди Актам Қаршиев. —Лекин 300-400 кишига дастурхон ёзиш қийин бўлиб кетгани учун тўйимизни ўтказишга имкон тополмаётган эдик. Маҳалла ва ёшлар иттифоқининг ташаббуси билан тўйимиз намунали тарзда ўтказиб берилганидан хурсандмиз. Тўйга сарфлашимиз керак бўлган маблағни энди рўзғоримиз кам-кўстини тўлдиришга ишлатамиз.

“Туркистон-пресс”