2017-08-21 14:29:00

26 НАФАР ТАДБИРКОР ҚИЗГА СЕРТИФИКАТЛАР БЕРИЛДИ

Жиззахда O‘zLiDeP вилоят Кенгаши томонидан “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Танловнинг туман босқичларида иштирокчиларининг лойиҳалари, ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан батафсил ўрганиб чиқилиб, тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини яхши ўзлаштирган, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш соҳасида инновацион лойиҳалар яратган ва партия фаолиятида фаол бўлган ишбилармон аёллар орасидан вилоят босқичига энг муносиб номзодлар саралаб олинди.

Ҳудудларда хотин-қизлар ўртасида оилавий тадбиркорликни жадал ривожланишини рағбатлантириш, тадбиркорлик ривожида аёлларнинг иштирокини янада кучайтиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркор хотин-қизларнинг илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ташкил этилган танловда тадбиркор ва фермер хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

Ҳакамлар хулосасига кўра, “Грант текс” МЧЖ раҳбари Марҳабо Ёқубова олий ўринга муносиб деб топилди. 1-ўрин Пахтакор туманидаги “Метин бардоши” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Муҳаббат Ўроловага, 2-ўрин Ғаллаорол туманидаги “Умиджон техно-сервис” хусусий корхонасираҳбари ОйнисаҚаршибоевага, 3-ўрин эса Зарбдор туманидан НаргизаХудойбердиевага насиб этди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида “Мустақиллигимизнинг 26 йиллигига 26 та тадбиркор қиз” шиори остида аҳолининг эҳтиёжманд оила фарзандларининг 26 нафари ўқув курсларида бепул ўқитилди. Танловнинг тақдирлаш маросимида мазкур ўқув-курсларини тамомлаган қизларга ва ғолибларга ташкилотчиларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалар топширилди.

“Туркистон-пресс”