2017-08-22 10:43:00

ДИЛЛАРИ ШОД БЎЛДИ

Халқимизга хос юксак фазилатлар ҳақида гап кетганда, меҳр-оқибат, бағрикенглик, мурувват ва саховатпешалик алоҳида тилга олинади. Дарҳақиқат, буларнинг барчаси халқимизнинг кундалик ҳаёт тарзи, орзу-мақсадлари, саъй-ҳаракатлари билан ҳамоҳангдир.

Яқинда Наманган шаҳридаги “Боғи эрам” тантаналар мажмуасида мустақиллигимизнинг 26 йиллига бағишлаб ўтказилган “Фидойинг бўлгаймиз, сени Ўзбекистон!” шиори остидаги байрам дастурхонига якка-ёлғиз кишилар, эҳтиёжманд меҳнат фахрийлари, ногиронлар таклиф этилдилар.

Тантанали тадбирда шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов, шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Олимжон Қосимов сўзга чиқиб, инсон ва унинг манфаатлари устувор саналган мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсат замирида ҳам аҳоли фаровонлигини юксалтириш, кам таъминланган ва ўзгалар кўмагига муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдек олижаноб мақсадлар мужассам эканини таъкидлашди. Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча даражадаги раҳбарлар томонидан одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, оғирини енгил қилиш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликлар инсонларни ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

— Бугунги кунда шаҳримизда истиқомат қилаётган 539 нафар якка-ёлғиз кишилар ва ногиронлар давлатимиз томонидан моддий-маънавий жиҳатдан рағбатлантириб келинмоқда, — дейди шаҳар тиббиёт бирлашмаси ижтимоий хизмат бўлими мудири Муниса Отахўжаева. — Уларнинг ҳолидан хабар олиш, дилларни кўтариш, ижтимоий хизмат кўрсатиш мақсадида 61 нафар ишчи-ходим бириктирилган. Муҳими, бу юртдошларимиз меҳр ва эътибордан четда эмаслигини ҳис этмоқдалар.

Меҳр-мурувват, оқибатга йўғрилган тадбирда Раиса Аникина ва Фотима Пўлатоваларга шаҳар ҳокимлигининг эсдалик совғалари улашилди.

— Мамлакатимизда миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар барча фуқаролар ўзаро аҳилликда, тотувликда фаровон кечирмоқдалар. Бунга очиғи дунёнинг кўпгина мамлакатлари ҳавасу ҳайрат билан қарашади, — деди севинч ёшларини яширмаган 77 ёшли меҳнат фахрийси Людмила ая Кукина. — Давлатимиз томонидан ажратилган ижтимоий ходимлар олдимизда парвона, нима хизматингиз бор, деб туришади. Ками-кўстимиздан хабар олиб турадиган ҳомийлар эса бисёр. Ахир, айтинг, бундан қувонмай бўладими?   

Шаҳар маданият бўлими санъаткорлари ижросидаги дилрабо тароналар байрам иштирокчиларига хушкайфият бағишлади, қўшиқлар эса рақсларга уланиб кетди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Туркистон-пресс”