2017-08-22 16:00:00

ҲАЗОРАСПДА ЁШ МЕРГАНЛАР БАҲС ЮРИТИШДИ

Ҳазорасп автомобиль мактабининг спорт базасида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Хоразм вилояти кенгаши тасарруфидаги вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази томонидан  пневматик қуролдан ўқ отиш бўйича ёшлар ўртасида  Хоразм вилояти кубогининг якуний босқичи ўтказилди.

Пневматик милтиқдан ўқ отиш бўйича қизлар орасида Урганч туманидан Шаҳноза Машарипова шоҳсупанинг биринчи поғонасини эгаллади. Ўсмирлар биринчилигида Урганч шаҳридан Ислом Фаёзов ғолибликни қўлга киритди. Пневматик тўппончадан ўқ отиш мусобақасининг қизлар баҳсида Боғот тумани спортчиси Мадина Тиллаева мерганлик борасида рақибаларидан устун эканлигини исботлади. Ушбу йўналишнинг ўсмирлар беллашувида Урганч туманидан Собиржон Самандаров энг юқори натижага эришди.

Умумжамоа ҳисобида Урганч туманининг ёш мерганлари биринчи ўринни қўлга киритишди. Боғотлик спортчилар  иккинчи, “Равон” ўқув-спорт техника клуби вакиллари учинчи ўринни банд этишди.

Мусобақанинг ёпилиш маросимида ғолиб ва совриндорлар тегишли даражадаги диплом  ва совғалар  билан тақдирланишди.

                                                                       Икром  ХУДОЙБЕРГАНОВ,

“Туркистон-пресс”