2017-08-22 17:06:00

ЭРКИН КУРАШЧИЛАРИМИЗ ПАРИЖГА ЙЎЛ ОЛДИ

Жорий йилнинг 21 август куни Франция пойтахти Париж шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионати старт олди. Спорт мавсумининг энг нуфузли мусобақасида терма жамоамизнинг 11 нафар аъзоси ҳам иштирок этмоқда. 18 август куни делегациямизнинг биринчи қисми, аниқроғи юнон-рум кураши бўйича терма жамоамиз Францияга жўнаб кетганди. 

Бугун энди эркин кураш бўйича терма жамоамиз ҳам Парижга йўл олди. Олимжон Ҳикматов ва Александр Недорезовлар бошчилигидаги терма жамоамиз таркибида Нодиржон Сафаров (57 кг), Ихтиёр Наврўзов (70 кг), Бекзод Абдураҳмонов (74 кг), Умиджон Исманов (86 кг), Магомед Ибрагимов (97 кг) ҳамда Давид Модзманашвили (125 кг) лар юртимиз шарафини ҳимоя қилишади.

Бекзод Абдураҳмонов Францияга 15 августда етиб борганди ва машғулотларни ўша ерда давом эттирмоқда. Давид Модзманашвили эса Грузияда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинларини якунлаб, тўғри Парижга учади. Терма жамоамизнинг қолган тўрт нафар аъзолари - Нодиржон Сафаров, Ихтиёр Наврўзов, Умиджон Исманов ва Магомед Ибрагимовлар бугун Тошкент-Париж йўналиши бўйича жаҳон чемпионатига жўнаб кетишди.

Эркин кураш бўйича мусобақалар 24 августдан бошланади. Унгача эса жаҳон чемпионатида юнон-рум кураши бўйича баҳслар ўтказилади. Биз ҳамюртларимизга омад ва муваффақиятлар тилаган ҳолда воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

“Туркистон-пресс”