2017-08-23 13:00:00

“ИШБИЛАРМОН АЁЛ” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИ ЎТКАЗИЛДИ

Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг якуний босқичи ўтказилди.

“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган танловнинг бу йилги шаҳар ва вилоят босқичларида 15 минг нафардан зиёд тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёллар иштирок этди. Вилоят босқичида фаол иштирок этиб ғолибликни қўлга киритган 57 нафар тадбиркор ва фермер аёллар Республика босқичига етиб келишди.

Танловда тадбиркор ва фермер хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда тадбиркор, ишбилармон, ҳунарманд, фермер хотин-қизларнинг маҳсулотлари, айниқса, миллий йўналишдаги либослар намойиши кўрик-танлов иштирокчиларида миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, мустақилликка бўлган шукроналик ҳиссини уйғотди. Ҳамкор ташкилотлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоларидан иборат бўлган ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг ишлари билан яқиндан танишиб, уларни очиқлилик, адолатлилик принциплари асосида баҳолаб боришди.

—Партия Дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур танлов Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди, —дейди   O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижрояи қўмитаси аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлим мудири Севара Муслимова. —Танловнинг ҳудудий босқичларида мамалкатимизнинг энг чекка, олис туманларидаги тадбиркор ва фермер хотин қизларни қамраб олганлиги ва янги иқтидор эгаларинии кашф этганлиги билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Шунингдек, иштирокчиларнинг лойиҳа низомига мувофиқ, хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўрни яратганлиги, фаолият туридан келиб чиқиб экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатаётган хизматининг сифати ҳамда фаолиятида ҳаётга татбиқ этиб келаётган янги инновацион ғоялари ҳам баҳолашда алоҳида эътиборга олинди.

Тадбиркор хотин-қизлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш майдони ва чинакам байрамига айланган мазкур тадбир давомида аёлни, Ватанни, истиқлолни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар садоси остида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда ҳакамлар томонидан ишбилармон аёл мақомига муносиб кўрилган иштирокчилар номи эълон қилиниб, “Замонавий тадбиркор аёл портрети”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл”, “Ташаббускор аёл” каби номинациялар бўйича  ғолиблар аниқланди. Ғолибларга партия ва ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Танлов натижаларига кўра Навоий вилоятидан Дилором Астанова, Сирдарё вилоятидан Асалхон Давронова 1-ўринга, Наманган вилоятидан Нодира Маматова, Қашқадарё вилоятидан Наргиза Солмонова 2-ўринга, Тошкент шаҳридан Шоҳида Ҳожиева ҳамда Тошкент вилоятидан Раънохон Бобоева 3-ўринга муносиб топилди. Ғолибларга партия ва ҳамкорларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари ва дипломлари топширилди.

Тадбир якунида иштирокчилар учун “Ўжарлар” номли спектакль намойиш этилди.            

 Гулшода ЖУМАНИЯЗОВА,

“Туркистон-пресс”