2017-08-23 14:00:00

ДЕҲЛИДА “ЎЗТРЕЙД”САВДО УЙИ ОЧИЛДИ

Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги (ТСВ) қошидаги «Ўзтрейд» компанияси экспорт етказмалари ҳажмини ошириш ва Ҳиндистон бозоридаги позицияни мустаҳкамлаш учун Деҳлида савдо уйини очди. Бу ҳақда ТСВ  хабар қилмоқда. Савдо уйи базасида ўзбек ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг доимий фаолият кўрсатувчи шоуруми бўлади.

Жорий йил 22 август куни Деҳлида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Ҳиндистон бизнес-форумида савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро маҳсулотлар етказиб бериш тизимларини такомиллаштириш асосий мавзулардан бўлди. Тадбир “Ҳиндистон-МДҲ”Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Ҳиндистон бизнес доиралари билан ўзбек маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш тўғрисида музокаралар олиб борди.

Ташриф якунлари бўйича “Ўзтрейд”компанияси Ўзбекистондан дуккакли донлар, қизилмия илдизи, тўқимачилик ва бошқа маҳсулотларни етказиб бериш бўйича 30 млн долларлик шартномаларни имзолади. Маҳсулотлар жорий йилнинг сентябридан бошлаб етказиб берилади.

“Туркистон-пресс”