2017-08-23 14:20:00

ЎЗБЕКИСТОНЛИК ТАЛАБАЛАР КОРЕЯДАГИ ИНҲА УНИВЕРСИТЕТИНИНГ ЁЗГИ МАКТАБИДА ИШТИРОК ЭТДИЛАР

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг (IUT) бир гуруҳ талабалари 17 июлдан 4 августга қадар Корея Республикасидаги Инҳа университети Ёзги мактабида иштирок этдилар.

Ибрат Обидов, Ниғматжон Анваров, Тўлқинжон Исоқов, Малика Жўраева, Жамолиддинхўжа Одилхўжаев, Достонхон Озодхўжаев, Илҳом Раҳимов, Абдул Жамол Салим, Ирода Ўлмасбоева ва Дархонбек Маматалиевлар Корея Республикасидаги Инҳа университетининг Ёзги мактабида бепул иштирок этдилар.

Қайд этамиз, Ёзги мактабнинг 10 нафаридан 9 нафари 2017 йилнинг февраль-апрель ойларида университетда ўтказилган ички танловларда ғолиб чиқишди. Дарҳонбек Маматалиев Тошкент шаҳридаги Инҳа университетидаги фаол иштироки ҳамда CodeCraft курсининг ривожланишига қўшган ҳиссаси учун Кореядаги Ёзги мактабда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шу билан бирга, беш нафар IUT талабалари эса Ёзги мактабда ўзлари иштирок этдилар.

Ўзбекистонлик талабалардан ташқари Корея Республикасидаги Инҳа университетида Индонезия, Буюк Британия, Малайзия, Франция, Германия, Хитой, Италия, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакат вакиллари иштирок этдилар.

IUT талабалари ташриф давомида Корея Республикасидаги Инҳа университети кампуси ва талабаларга яратилган шароитлар билан танишдилар.

Ёзги мактабда талабалар “Корейс тили”, “Сиёсат ва Шарқий Осиёнинг халқаро муносабатлари”, “Корея ва унинг маданияти”, “Кореяда бизнес ва иқтисодиёт”, “Келажакнинг янги технологиялари” ва бошқа шу каби курсларда иштирок этдилар.

Ўзбекистонлик ёшлар ёзги мактаб давомида бир неча лабораторияларда, жумладан,3D принтинг ва сувни қайта ишлаш лабораторияларида бўлдилар ва уларнинг фаолияти билан танишдилар.

Талабалар шу билан бирга Кореянинг маданияти ва диққатга сазовор жойлари билан танишдилар.

“Туркистон-пресс”