2017-08-23 13:56:00

ҲАМКОРЛИКДАГИ ЛОЙИҲА МУВАФФАҚИЯТЛИ ЯКУНЛАНДИ

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этган  “Coding Summer Bootcamp for Girls” лойиҳаси муваффақиятли якунланди.

Лойиҳа доирасида турли ёшдаги 60 нафар қизлар бир ой давомида “CodeCraft” бўйича дастурлаш курсларини ўрганишди. Лойиҳа доирасида иштирокчилар Android платформасида мобил иловалар яратишни ўрганиб олишди.

Курс якунлари бўйича иштирокчилар жаомаларга бўлинишди ҳамда олган билимлари асосида ўзлари яратган лойиҳаларни тақдим этишлари лозим эди. Саралаш босқичидан сўнг тўрт жамоа якуний босқичга йўл олди.

Жамоаларнинг якуний тақдимотида иштирокчиларнинг ота-оналари, жамоатчилик ҳамда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Элчи Кристофер Аллен қатнашди.

Ҳакамлар қарорига кўра, “Family Budget” мобил иловасини яратган Мафтуна Зиямова ва Комила Содиқова энг яхши лойиҳанинг муаллифлари бўлишди. Қизлар Android платформасида оилавий бюджетни режалаштиришга қаратилган мобил илова яратишди.

Лойиҳа ташкилотчилари  “Coding Summer Bootcamp for Girls” финалчилари ҳамда ғолибларига “CodeCraft” курслари учун чегирмали талонлар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширишди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”