2017-08-23 15:00:00

МАКТАБ ЯРМАРКАЛАРИ ГАВЖУМ

Янги 2017-2018 ўқув йилига тайёргарлик кўриш учун республикамизнинг барча ҳудудларида мактаб ярмаркалари ўтказиляпти. Мазкур тадбир 10 сентябрга қадар давом этади.

Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида, аҳоли масканлари ва таълим муассасаларида “Мактаб ярмаркалари” давом этмоқда. Шуни алохида таъкидлаб ўтиш керакки, вилоятдаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим-тарбия олаётган ёшларнинг ўқув қуролларига, кийим-кечак маҳсулотларига бўлган талаб-истаклари тўла ўрганилиб чиқилганлиги боис, истеъмол товарлари савдосида асло узилиш бўлмаяпти.

Гулистон шаҳридаги “Мактаб ярмаркаси” мана, бир неча кундирки, одамлар билан гавжум. Ярмаркани кезар экансиз, савдо расталарида сотувда бўлиши зарур бўлган ўқув қуроллари, ўқувчиларнинг мактаб формалари, спорт кийимлари, пойабзал ва бошқа зарур истеъмол молларини учратасиз. Жумладан, ўқув дафтарлари, ручкалар рангли қаламлар, рангли қогоз, қаламдон, акварель бўёклари савдоси жуда қизғин. Ўқувчиларнинг мактаб формалари чиройли ва бежиримлиги билан эътиборингизни жалб этади. Энг қувончлиси, савдо расталаридаги барча ўқув қуроллари, кийим-кечаклар ва пойабзаллар юртимизда ишлаб чиқарилган, ҳам сифатли, ҳам ҳамёнбоп.

—Ярмаркада қатнашиб, ўзимга ўқув қуроллари ва зарур адабиётларни харид килдим, —дейди Мирзаобод тумани 14-мактаб ўқувчиси Рухсора Толибжонова. —Бу маҳсулотларнинг арзон ва сифатли зканлигидан  беҳад хурсандмиз.

“Туркистон-пресс”