2017-08-23 16:00:00

52 НАФАР ФУҚАРОГА ИШГА ЖОЙЛАШИШ УЧУН ЙЎЛЛАНМА БЕРИЛДИ

Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида ишсиз фуқаролар, коллеж битирувчилари ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Бўш иш ўринлари  ярмаркаси”ни ташкил этиш ва бу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Яқинда Жиззах вилоятининг Пахтакор туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар бўлими ва ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан тумандаги маданият саройида “Бўш иш ўринлари  ярмаркаси” ташкил қилинди. Унда 47 та корхона ва ташкилот 203 та бўш ва квота  иш ўринлари билан қатнашди. Ярмаркада иштирок этган 105 нафар ишсиз фуқаролар, коллеж битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқаролар ва меҳнат мигрантларидан 52 нафарига иқтисодиётнинг турли тармоқларига ишга жойлашиш учун тўғридан-тўғри йўлланмалар берилди. 24 нафар фуқарога  меҳнат қонунчилиги ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ҳуқуқий маслаҳат ва тушунчалар берилди.

—Жорий йилда ҳудуддаги 4 та касб-ҳунар коллежини 790 нафар йигит-қиз тамомлади. Бугун уларнинг муайян қисми корхона ва муассасаларда ишламоқда. Навбатдаги ташкил қилинган меҳнат ярмаркаси ёшлар учун яна бир қулайлик бўлди,—дейди Пахтакор туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Зафар Тангиров.

Жорий йилда туманда йирик лойиҳаларни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш, хусусий тадбиркорлик, сервис ва хизмат кўрсатиш соҳалари, қишлоқ хўжалиги тизимидаги лойиҳалар, хусусан, боғдорчилик, асаларичилик, чорвачилик ва паррандачилик йўналишларида амалга оширилаётган дастурларнийўлга қўйиш орқали 1752 та янги иш жойлари яратиш кўзда тутилган.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири