2017-08-24 13:15:00

МАҲАЛЛАЛАРДАГИ МУЛОҚОТЛАР

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма олти йиллиги муносабати билан Самарқанд вилоятида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида маънавий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Жумладан, Булунғур туманидаги Килдон ва Сайилтепа маҳаллаларида ташкил этилган шундай тадбирларда республика тарғибот гуруҳи аъзолари, самарқандлик ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар қатнашди.

Маҳалла аҳли билан самимий мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.

— Халқимизнинг бой тарих ва маданияти бор, заминимиздан етишиб чиққан буюк аждодларимизнинг дунё илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини жаҳон аҳли эътироф этади, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова. — Бугун камолга етаётган ёшларимиз ҳам ана шу тарихимиз, улуғ алломаларимизга муносиб ворис бўлиб майдонга чиқиши лозим. Давлатимиз раҳбарининг фарзандларимиз келажаги учун қайғуриб, уларнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратишлари, болаларимизни турли ёт ғоялар, “оммавий маданият” таъсиридан асраш зарурлигини қайта-қайта такрорлашлари боиси ҳам шунда. Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида юртимиз бўйлаб ўтказилаётган тарғибот тадбирларида ҳам бу борадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳақида халқимизга атрофлича маълумот беряпмиз.

Учрашувларда маҳаллалар фаоллари, нуронийлар ва ёшлар вакиллари сўзга чиқиб, ўз маҳаллалари, оилалари мисолида юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнларига эътибор қаратдилар.

“Туркистон-пресс”