2017-08-24 14:02:00

РУСТАМ АБДУЛЛАЕВ: “ИЖОДКОР ТИНИМСИЗ ИЗЛАНИШИ ЛОЗИМ”

Дунёдаги ҳар бир халқнинг маданий савиясини ошириш, ёш авлодни юксак инсоний ғоялар, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашда мусиқа ва санъатнинг ўрни, аҳамияти ниҳоятда муҳим. Фикримиз исботи сифатида таниқли хонанда Муножат Йўлчиева Париж саҳнасида қўшиқ куйлагинида залда ўтирган французлар 40 дақиқадан кўпроқ вақт тик оёқда уни олқишлаб, қарсак чалишган эди. Бу сўзларни тушунмасаишмаса-да, ижронинг табиийлиги, унга басталанган куйнинг ўзига хослигини қалбдан ҳис этиш маданиятига эга миллат вакилларининг ўзлари яхши танимаган миллат санъатига берган баҳоси эди. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 августда Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан бўлган учрашувда сўзлаган маърузасида маданият, адабиёт ва санъат соҳасидаги ютуқ ҳамда камчиликларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларни бартараф этиш бўйича муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Куни кеча эса Юртбошимиз томонидан кўтарилган ана шу вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида “Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарор имзоланди. Юқоридагилардан    келиб чиқиб, мазкур уюшма фаолиятидаги келгуси режалар ҳақида фикр-мулоҳазаларини тинглаш учун Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев билан суҳбатда бўлдик.

—Президентимиз ижодкорлар билан бўлиб ўтган учрашувда Сиз раҳбарлик қилаётган ижодий уюшманинг бугунги фаолиятига ҳам муносабат билдириб ўтди...

—Жорий йилнинг 3 август куни бўлиб ўтган учрашувда уюшма фаолияти ҳақида ҳам танқидий мулоҳазалар айтиб ўтилди. Тажрибамдан яхши маълум: танқид бўлмаган жойда чинакам ижод ҳам бўлмайди. Композиторларнинг бугунги жараёнда фаол қатнашмаётганлари, давр руҳига мос янги асарлар яратиш ва тадбирлар ташкил қилишдаги сусткашликлар борасида алоҳида таъкидланди. Бу эса асосли танқид эди. Чиндан ҳам бизда етук кадрлар етишмовчилиги юзага келгани туфайли соҳамизда авлодлар узилиши кузатилди. Бугун Мутал Бурҳонов, Сулаймон Юдаков, Аваз Мансур, Хуршида Ҳасанова ва бошқа қатор маҳоратли бастакорлар ижод майдонига кетма-кет кириб келишганида ҳамма (мен оддий инсонларни назарда тутаяпман) биздан анча мамнун эдилар. Аммо сўнгги йилларда бу каби истеъдодларни топиш биз учун жиддий муаммога айланди. Тўғри, соҳада кадрлар кўп бўлиши мумкин, аммо улар орасида масъулиятни зиммасига олиб, жасорат билан опера ёзаман, симфония яратаман, уларни жаҳон миқёсига олиб чиқаман, дегувчилар афсуски, бўлмади. Муаммонинг ҳаммасини айнан шунда дейиш ҳам нотўғри.

Бу ижодий тизим бўлганидан кейин чинакам ижодкорларни тезда топиб, юқори чўққиларга кўтаришнинг ҳам ҳар доим иложи бўлавермайди. Қийин дамларда ҳам ёруғ кунларга умид қилдик. Мана, бугунги кунда иқтидорли ёшлар яна пайдо бўлмоқда. Ҳозир кадрлар борасида ҳам бир қатор режалар тузилган. Олий ўқув юртига ижодий имтиҳонлар давомида шахсан ўзим иштирок этиб, ҳар хил вазиятларга гувоҳ бўлганман. Ижодий имтихондан юқори балл олган абитуриент тест синовидан паст балл тўплаб, ўқишга кира олмаган ёки аксинча. Бу муаммоларни бартараф қилиш учун тест синовларига ўзгартириш киритиш ёки уларни олиб ташлаш устида режалар тузилмоқда. Чунки ижодий имтиҳонда юқори натижага эриша олмаганларни ҳар қанча ўқитганимиз билан уни истеъдодли қилишнинг иложи йўқ. Ижодкорда табиат юқтирган истеъдод бўлмаса, устозлар берган таҳсилининг фойдаси йўқ.

Яна бир гап: вилоятларимизда ёш истеъдодларни етиштириш мақсадида композиторларни мактаб ва коллежларга бириктириш режасини ишлаб чиқдик. Бундан кўзланган мақсад келгусида юртимиздан буюк бастакор ва композиторларни етиштиришдан иборат. Давлатимиз раҳбарининг ижодкорларга бўлган бундай эътиборини кўриб, шу юрт фарзанди бўлганимдан фахрланиб кетаман. Чунки бундай шароит ва имкониятларни мен бошқа хорижий давлатларнинг бирортасида кузатганим йўқ. Тўғри, чет элларда яхши бастакор ва композиторлар талайгина. Аммо биздаги имконият уларда йўқ, десам муболаға бўлмайди. Буни кўпинча хорижлик ҳамкасбларим билан бўлган  учрашувларимизда билиб оламан.

—Бастакорлар уюшмаси ташкил топганидан буён қандай ишлар амалга оширилди?

—Шу пайтгача Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ёрдами билан халқаро фестиваллар, тадбирлар ташкил қилганмиз. Аммо бу каби жараёнлар кўп маблағ талаб қилгани боис бизда анча узилишлар бўлган. Шунинг учун ҳам фаолиятимиз борасида танқидий гапларни эшитдик. Асосий муаммо шунга бориб тақалади. Бугунги кунга келиб барча муаммоларимиз бартараф қилинмоқда. Юртбошимиз томонидан яратилган бу эътибор учун биз сермазмун ижодий ишларимиз билан жавоб қайтаришимиз даркор. Чунки ижоднинг чегараси йўқ, ижодкор имконият бўлса ҳам, бўлмаса ҳам ҳар куни 24 соат ижод қилиши керак. Бизнинг соҳамизда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Битта асар яратиш ва уни халқ олдига олиб чиқиш кўп вақт ва катта маблағ талаб этилади. Биргина мисол: битта асарни оққа кўчириш учун тахминан уч ой вақт талаб қилинади. Бу каби жанрларда ижод қилиш ҳам машаққатли, ҳам мароқли.

—Президентимиз томонидан бастакор ва композиторларни қўллаб-қувватлаш учун чиқарилган қарор юзасидан қандай режалар ишлаб чиқилиши кутилмоқда?

—Бастакорлар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш борасида чиққан Президент қарорида камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари келтириб ўтилган. Бастакорлик — қадимий ижодиёт. Мамлакатни дунёга танитишда мусиқа ва уни яратувчиларнинг ўрни ниҳоятда катта. Ҳозир бастакор ва композитор тушунчалари алоҳида эътироф қилинмоқда. Чунки бугунга келиб кўпчилик 2-3 та мусиқа ёзиб, ўзини “бастакор” деб эълон қилмоқда. Тўғри, улар орасида иқтидор соҳиблари ҳам бор. Аммо ижодда бастакор ва композитор алоҳида тушунчалар сифатида талқин қилинади. Композитор нақафақат қўшиқ, мусиқа яратади, балки мусиқанинг турли жанрларида ижод қила оладиган ижодкордир. Яъни миллий ва дунёвий қадриятларни ўзида мужассам қилган ҳолда ижод қилган одамгина композитор даражасига эришади. Шунинг учун ҳам уюшманинг номи “Бастакорлар ва композиторлар уюшмаси” дея ўзгартирилди. Шунингдек, уюшмамизга “Асакабанк” АТБ ҳомий сифатида тайинланди. Бугунги кунда банкирлар билан самарали алоқалар ўрнатмоқдамиз. “Асакабанк” билан бирга уюшмамизни такомиллаштириш борасида ҳамкорлик олиб бормоқдамиз.

Бундан ташқари, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “Илҳом” жамоат фонди ҳам ташкил қилинганидан хабарингиз бор, албатта. Эндиликда Бастакорлар уюшмасини қўллаб-қувватлаш мазкур фондга юклатилди. Бу орқали биз тадбирлар, халқаро фестиваллар ташкил қилиб, санъатимизни дунёга олиб чиқишимиз мумкин. Юртбошимиз маънавиятга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки маънавиятсиз юрт келажаги ҳам бўлмайди. Эндиликда уюшмалар билан бирга тадбирлар ва фестиваллар ташкил этишни режалаштирмоқдамиз. Жумладан, йилда бир марта “Мусиқа, сўз, ранглар” номли фестиваль ўтказиш режаси устида ишламоқдамиз. Мазкур фестивалда маҳоратли бастакорлар, шоир ва ёзувчилар, рассомларнинг энг сара ишлари намойиш этилади. Бундан ташқари, ижодкорларни чекка ҳудудлардан излаб топиб, марказга жалб қилиш ва улар учун шарт-шароитлар яратиш ишлари ҳам режамиздан ўрин олган.

“Туркистон-пресс” мухбири  Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА суҳбатлашди