2017-08-25 16:00:00

ЎҚУВ ҚУРОЛЛАРИ КЎЧМА МАКТАБ ДЎКОНЛАРИ ОРҚАЛИ ЕТКАЗИБ БЕРИЛМОҚДА

Янги 2017-2018 ўқув йилига тайёргарлик кўриш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида 10 августдан 10 сентябрга қадар “Мактаб ярмаркалари” давом этмоқда.

Жиззах вилоятида 2017-2018 ўқув йилида 540 умумтаълим мактабида 207 минг 600 дан зиёд ўқувчи таълим олади. Айни кунларда ана шу ўқувчилар сонидан келиб чиқиб ташкил этилган мактаб бозори ва ярмаркаларида 26 турдаги ўқув анжомлари сотилмоқда. Бунда вилоятдаги умумтаълим мактабларида таълим-тарбия олаётган ёшларнинг ўқув қуролларига, кийим-кечак маҳсулотларига бўлган талаб-истаклари тўла ўрганилиб чиқилганлиги боис, истеъмол товарлари савдосида асло узилиш бўлмаяпти.

Вилоят ва туман марказларидаги бозорлардан ташқари, қишлоқларда аҳолига қулай бўлган таълим муассасаларида мактаб ярмаркаси, олис ҳудудларда мактаб дўконлари фаолияти йўлга қўйилди. Фориш туманидаги олис ва аҳоли сийрак жойлашган «Арнасой», «Дарвоза», «Омонгелди» қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудига ўқув қуроллари кўчма мактаб дўконлари орқали етказиб берилмоқда.

Ярмаркалардаги барча савдо дўконлари терминал, назорат-касса аппарати билан таъминлангани харидорларга янада қулайлик яратмоқда.

Мактаб ярмаркаларини ўқув қуроллари ва бошқа зарур анжомлар билан таъминлаш учун йирик савдо ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари жалб этилган. Барча савдо тармоқларида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон маҳсулотларининг  сотилаётганлигидан барча бирдек мамнун.

“Туркистон-пресс”