2017-08-28 11:00:00

БУТУН ДУНЁ ИБРАТ ОЛСА АРЗИГУЛИК МАДАНИЯТ

“Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари танлов дастуридаги чиқишларидан ташқари Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувларда қатнашмоқда.

Самарқанд шаҳридаги Театр майдонида ўрнатилган кўчма саҳнада ҳар куни бир қатор хорижий давлатлар ансамбллари вилоят мусиқали драма театри жамоаси билан биргаликда ўз концерт дастурларини намойиш этаётир. 

–“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали муносабати билан шаҳардаги истироҳат боғлари, аҳоли гавжум масканларда кўчма саҳналар ўрнатилди, – дейди Самарқанд вилояти мусиқали драма театри раҳбари Б.Шарофов. – Ушбу саҳналарда фестиваль иштирокчилари ўз дастурларини намойиш этиши учун барча шароит яратилди. Театр рўпарасидаги саҳнада ҳам ижодий жамоамиз аъзолари чет эллик санъаткорлар билан бирга концерт қўйиб, халқимизнинг байрам кайфияти янада кўтаринки бўлишига ҳисса қўшмоқда. Мазкур саҳналарда фестивалдан кейин ҳам концертлар, турли маданий дастурлар намойиш этиш белгиланган бўлиб, бу шаҳримиз аҳолиси, айниқса, ёшларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши, бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилади. 

Афғонистоннинг “Сафар” ансамбли ушбу саҳнада қўшиқ куйлаган илк хорижий жамоа бўлди. Уларнинг чиқишни мухлислар олқишлар билан кутиб олди. 

–Регистон майдонида дастур бўйича чиқишимизни, шунингдек, бошқа саҳналардаги куй-қўшиқларимизни аҳоли катта қизиқиш билан тинглаётгани, бизни қўллаб-қувватлаётганидан хурсандмиз, – дейди “Сафар” гуруҳи раҳбари Мурод Сарҳуш. – Бу ўзбек халқининг юксак маданияти, санъатсеварлигидан далолатдир. Халқингизнинг яна бир олижаноб фазилати тинчликпарварлигидир. Дунёнинг турли халқлари вакилларини санъат воситасида бир-бирига яқинлаштириш, тинчликни, ҳамжиҳатликни тарғиб этиш ҳар қандай давлатнинг ҳам қўлидан келавермайди. Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ ана шундай сиёсат юритиб, дунёга намуна бўлмоқда. “Шарқ тароналари” ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда. Биз Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистонда барқарорликни таъминлаш бўйича илгари сураётган ташаббусларини юксак қадрлаймиз. Ўзбекистон халқини Мустақиллик байрами билан табриклаймиз. 

Пастдарғом туманидаги “Ёшлик” истироҳат боғи саҳнасида ҳам, бир неча кундирки, дунё тароналари янграмоқда. Европа, Осиё, Африка, Америка, Австралия қитъаларидан келган санъаткорларнинг миллий куй-қўшиқларини каттаю кичик тинглаб, биргаликда рақс тушмоқда. 

–Ушбу истироҳат боғига кириб келаверишда келин-куёвларни учратдик, – дейди Япониянинг “Эниши” анъанавий чолғу асбоблари гуруҳи аъзоси Ямада Мика хоним. – Рости, уларнинг ўзини тутиши, маданиятига ҳавасим келди. Айниқса, оппоқ либосдаги келиннинг барчага эгилиб салом бериши бутун дунё халқлари ибрат олса арзигулик юксак маданият. Концерт дастурида иккита куй ижро этмоқчи эдик. Лекин томошабинларнинг оҳангларимизга бефарқ эмаслиги ва тинимсиз олқишлари туфайли яна бир нечта куй ижро этдик. Самарқандда ўтаётган кунларимиз таассуротларга бой бўлмоқда. “Шарқ тароналари” фестивали ҳаётимизда унутилмас воқеа бўлиб қолиши шубҳасиз. 

Фестиваль тадбирлари давом этмоқда. 

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА