2017-08-28 11:30:00

БОКСЧИЛАРИМИЗ МУВАФФАҚИЯТ ҚОЗОНМОҚДА

Германиянинг Гамбург шаҳрида давом этаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида -75 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз Исроил Мадримов илк жангида туркманистонлик Азиз Ачиловга қарши бўлиб ўтган жангда яхшигина устунликка эришди.

Исроил рақибини уч маротаба нокдаун ҳолатига туширди. Якунда ҳакамлар жангни тўхтатишди ва Ачиловнинг нокаутга учраганини қайд этишди.

91 кг вазн тоифасида жанг қилган боксчимиз Санжар Турсунов жаҳон чемпионатидаги иккинчи жангини ўтказди.

Турнирда тўртинчи рақам остида сараланган аргентиналик Яра Пералтага қарши бўлиб ўтган жангда ёш боксчимиз яхши жанг ўтказди ва 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Энди у навбатдаги жангини голландиялик Рой Корвингга қарши ўтказади. 

-64 кг вазн тоифасида Гамбургдаги жаҳон чемпионатида иштирок этаётган боксчимиз Иқболжон Холдоров илк жангида колумбиялик Жон Гутьерресга қарши рингга кўтарилди. Иккинчи раундда Холдоровнинг кучли зарбасидан сўнг рефери ҳисобни очди. Учинчи раундда ҳам устунликни ўз қўлида сақлаб қолган ҳамюртимиз жуда чиройли ғалабага эришди —5:0!

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”