2017-08-28 12:34:00

ЭЪТИБОРДАН МАМНУН КЎНГИЛЛАР

Мустақиллик байрами арафафасида Пайариқ туманидаги Янги ҳаёт маҳалласида қурилган уч хонали уйлардан бири жисмоний имконияти чекланган инсонлардан бири Дилшода Эсоновага тантанали равишда топширилди.

— Ҳам иш хонам, ҳам уйимга айланган тикувчилик цехида беш йил умрим ўтди, — дейди Дилшода Эсонова. — Цехни кенгайтиришни, каттароқ корхона ташкил қилиб, қизларга меҳнат дафтарчаси бериб ишлатишни орзу қилардим. Аммо ўзим ҳам уйли-жойли бўламан, янги қурилган, барча шароитларга эга уйда яшайман, деб ўйламагандим. Тўғриси, Президентимизнинг жисмоний имконияти чекланган инсонларга қаратаётган бундай ғамхўрлигидан кўнглимиз тоғдек ўсди. Ҳалиям худди эртаклар оламида юргандек ҳис қиляпман ўзимни. “Ўзпахтасаноат” корхонаси томонидан уйнинг бошланғич тўлови тўлаб берилди. Эвазига шартнома асосида 18 минг дона этак тикишга келишиб олдик. Бунча этак тикиш мен учун чўт эмас. Тўғриси, бундай меҳрибончилик ғайратимга ғайрат қўшди. Корхонани кенгайтириш, кўпроқ қизларни ишли қилишни ўйлаяпман. Бизни имконияти чекланган, дейишади. Йўқ, имкониятимиз чекланмаган, имкониятларимиз жуда катта, дегим келади, баралла. 

“Янги ҳаёт”маҳалласидаги 10-уй. Бу уй Дилшода опа учун мосланди. Пандуслар ўрнатилди, кириб-чиқишда аравача бу ерда бемалол ҳаракатланади. Уйнинг барча хоналари замонавий таъмирланиб, керакли жиҳозлар билан таъминланди. Ишдан ҳориб келган опа мана бир неча кундирки, бу ерга келиб, яйрайди, тикувчилик устахонасида яшаган кунлари унга узоқ ўтмишдай туюлади. 

– Мактабда ўқимадим, аммо бир умр аравачада ҳаракатланаманми, деб кўнглимни ҳам чўктирганим йўқ, – дея суҳбатни давом эттиради Дилшода опа. – 10 ёшимдан бери ойим тикиш қилса, мен ҳам ўша нарсани кичикроқ нусхада тика бошладим. Бири ўхшаса, яна бири ситиларди. Ойим ҳам майли, нима биландир машғул бўлсин, деб менга турли мато қийқимларни бериб овутиб қўярди. Аста-секин бу қизиқиш ортиб борди. Кичик нусхадаги либослар қўшнимизнинг болаларига мос кела бошлади. Ўлчамлар ҳам йилдан-йилга йириклашиб, катталар учун кийим тика бошладим. Тикканларим қўни-қўшниларимизга маъқул туша бошлагач, тикувчиликни бўйнимга олдим. Орадан йиллар ўтиб телевизорда тикувчи қизларни, замонавий тикув корхоналарини кўргач, орзуларга берилдим. Тикувчилик қўлимдан келса, нега уддаламас эканман, дедиму, ҳаракатга тушдим. Тўғриси, цех очаман, деб ҳаракатга тушганимда кўпчилик бунга шубҳа билан қараган, “Соғ одамлар қийналиб юрибди бу соҳада, сизга йўл бўлсин”, деганлар ҳам йўқ эмасди. Аммо минг шукур, бугун ўтган йиллардаги меҳнатим изсиз кетмади. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик ғайратимга ғайрат қўшди. Янги ҳаётда гўё қайта туғилгандек яшаяпман. Хитойдан янги тикув машинкалари олиб келиш учун шартнома имзоламоқчимиз, цехимизни таъмирлаб, тикаётган либосларимиз турини кўпайтириш ҳаракатидамиз.

“Туркистон-пресс”